Пешона тери билан ерни яшнатган, илм-маърифат билан чироқ ёққан, умуман, қайси соҳада бўлмасин, виждон амри, ҳалол меҳнати ва фидойилиги билан жамият устунига айланган инсонлар, шукрки, орамизда бисёр ва улар файзимиз, хонадонларимиз кўркидир. Бот-бот такрорланса-да, бугунги куннинг ҳақиқати шу: бу табаррук инсонлар босиб ўтган йўл — ёшлар учун ўрнак, ҳаётий тажрибанинг бебаҳо манбаи. Кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг фидокорона меҳнатини муносиб рағбатлантириш — нафақат асрий шарқона қадриятларимизнинг ўзаги, балки мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳам устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бухоро шаҳридаги муҳташам “Zarafshan Hall” маросимлар залида кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда уларнинг яқинлари иштирокида бўлиб ўтган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш тантанасида айнан шу ҳақда сўз борди.
Маълумки, мазкур кўкрак нишон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги тегишли қарори асосида мамлакатимиз иқтисодиёти, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол, фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фуқароларни муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
Эътиборлиси, шарафли эътироф нафақат меҳнатда тобланган фахрийлар, балки оилада юксак маънавий муҳитни қарор топтирган, фарзандларини Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаган табаррук отахон-оналаримизга ҳам топширилмоқда.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилда кўҳна ва навозишкор Бухоро вилоятидан 56 нафар нуроний ушбу юксак мукофотга лойиқ кўрилди.
Анжуманда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда пул мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди. Вилоят раҳбари тақдирланганларни самимий муборакбод этар экан, уларнинг кўп йиллик фидойи меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси ва бугунги кунда ҳам жамият ҳаётидаги фаол иштироки бебаҳо эканини алоҳида таъкидлади.
Байрамона ёзилган дастурхон атрофида вилоятнинг таниқли хушовоз санъаткорлари томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки ва самимий кайфият бағишлади. Эътибор ва ғамхўрликдан қалблари қувончга, кўзлари мамнунликка тўлган нуронийларимиз кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан мамнун бўлишди.
Зебузар Мирзаева.