Миллий қадриятлар миллатни миллат, халқни халқ сифатида намоён этувчи бебаҳо неъматлардан ҳисобланади. Уларни асраб-авайлаш эса халқнинг ўзлиги ва маънавий қиёфасини сақлаш, келгуси авлодларга етказишнинг муҳим омили. Бугун юртимизда истиқлол шукуҳи кезиб юрган кунларда айни ҳақиқат яна бир карра яққол юзага чиқмоқда. Буни жойларда ташкил қилинаётган маънавий-маърифий тадбирларда кўриб турибмиз.
Жумладан, Жиззах вилояти Зомин тумани марказидаги “Нуронийлар маскани”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб, “Ўз қадриятини асраган халқ ўзлигини асрайди” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда фаол тарғибот гуруҳи аъзолари, “Оқила аёллар ҳаракати” вакиллари, отинойилар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик аъзолари иштирок этдилар.
Учрашувда миллий қадрият ва анъаналаримиз, урф-одатларимиз ҳамда бой маънавий меросимизни акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилди.
Мулоқотлар давомида Ватанимиз мустақиллиги, миллий ўзликни асраш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда нуронийлар ва жамоатчиликнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир якунида маънавий-маърифий тарғибот ишларида фаол иштирок этиб келаётган тарғибот гуруҳи аъзолари ва отинойилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Майсара Назарова.