Рустам СУЛТОНОВ,
“Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи,
“Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ўтган даврга назар ташлаш, эришилган натижалар моҳиятини теран англаш ва келажак мақсадларини аниқ белгилаб олиш билан муҳим аҳамият касб этади. Зотан, чорак асрдан ошган ушбу тарихий даврда миллий давлатчилигимиз асослари мустаҳкамланди, жамият ва иқтисодиётнинг мутлақо янги тараққиёт модели шаклланди. Энг муҳими, инсон қадри ва манфаатларини ҳамма нарсадан устувор қўйиш тамойили давлат сиёсатининг бош мезонига айланди.
Инсон қадрини улуғлаган концепция
Ислоҳотларнинг амалий натижадорлиги, аввало, маҳаллалар қиёфасида ва одамларнинг турмуш даражасида намоён бўлмоқда. Янги турар жойлар, обод кўчалар, замонавий таълим ва тиббиёт масканлари, спорт иншоотлари ҳамда касб-ҳунар марказлари аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитини яратишга хизмат қиляпти.
Айниқса, инсон капиталига йўналтирилаётган эътибор юрт юксалишининг энг муҳим омилига айланди. Бугун дунёнинг етакчи илм даргоҳларида таълим олаётган, халқаро илмий лойиҳалар ва спорт майдонларида юқори марраларни забт этаётган ватандошларимиз истиқлол берган имкониятлар мевасидир.
Сўнгги ўн йилликда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг марказига қўйилди. Ҳеч бир ўсиб келаётган ўғил-қиз эътибордан четда қолмаслиги, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳамда аҳоли орасида миллий мафкура ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, барча соҳаларда замонавий технологиялар ва рақамлаштириш жараёнлари жадаллашмоқда. Технологик модернизациядан кўзланган асосий мақсад — инсон меҳнатини енгиллаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқарув сифатини янги босқичга олиб чиқишдан иборатдир.
Гулистонга айланаётган воҳа
Истиқлолнинг сўнгги декадасидаги энг йирик эврилишлардан бири — ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ва туризм салоҳиятини оширишда намоён бўлди. Илгари фойдаланилмай ётган ерларнинг қайта ўзлаштирилиши агротуризм ва қишлоқ хўжалиги учун янги имкониятлар очди.
Бунинг амалий ифодасини Хоразм вилояти мисолида яққол кўриш мумкин. Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида вилоятга жами 8 миллион 600 минг нафар (шундан 1 миллион 770 минг нафари хорижий) сайёҳ ташриф буюриб, оқим ўтган йилга нисбатан 1,8 баробарга ошди. Туризм хизматлари экспорти 881 миллион долларни ташкил этди.
Аграр соҳада ҳам сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 104,4 фоизга бажарилди. Ғаллачиликда ҳосилдорлик 94 центнердан 100 центнерга етказилиб, 33 минг 200 гектар майдондан 332 минг тонна дон йиғиб олинди (55 минг тоннаси давлат захирасига топширилди).
Ҳудудий саноатни ривожлантиришда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари муҳим ўрин тутмоқда. Урганч туманидаги қиймати 11 миллион долларлик “Тилло домор” корхонаси бунга ёрқин мисолдир. Болгария технологияси асосида кунига 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари чиқараётган бу мажмуа 100 дан зиёд фермер ва аҳолидан хомашё сотиб олиб, барқарор бозор яратган. Мажмуада 120 та иш ўрни яратилган ва 100 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилган. Келгусида яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.
Халқ билан ҳамнафас ислоҳотлар
Инфратузилмани модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини бевосита оширмоқда. Хоразмда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1900 хонадонли 47 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. 76 миллиард сўм маблағ ҳисобига 117 километр ичимлик ва 19 километр оқова сув тармоқлари қурилиб, ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 91,8 фоизга етказилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида 7,5 минг хонадонли 287 та уй-жой барпо этилиб, 35 мингдан ортиқ аҳоли шинам хонадонлар билан таъминланди.
Шу билан бирга, давлат бошқарувидаги очиқлик сиёсати халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам мулоқот кўпригини ўрнатди. Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланиши ва очиқ инвестициявий муҳит мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширмоқда.
Нуронийлар — жамият таянчи
Ислоҳотларнинг ҳаётийлиги, энг аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўрсатилаётган манзилли кўмакда акс этмоқда. “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида вилоят маҳаллаларига 1593 нафар фаол нуроний 7965 та оилага бириктирилди.
Ҳозиргача нуронийларимиз ташаббуси билан камбағал оила фарзандларига 4705 та стол, 7104 та стул, 6162 та спорт кийими ва 3491 та ўқув қуроллари етказиб берилди.
“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили бўйича 550 нафар кекса авлод вакили 5500 нафар ишсиз ва муаммоли ёшларга бириктирилди. Ўтказилган 595 та тарғибот ва амалий тадбирлар натижасида 204 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди, 163 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 27 нафари профилактик ҳисобдан чиқарилди ва 879 нафарининг ижтимоий-маиший муаммолари ҳал этилди.
Кексаларни эъзозлаш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, туризм ва спорт тадбирларига жалб этиш орқали жамиятда маънавий муҳит барқарорлиги таъминланмоқда.
Истиқболни барпо этиш ўз қўлимизда
Бугун мустақиллик неъматининг қадр-қимматини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон — тадбиркору деҳқон, ўқитувчию шифокор, муҳандис ва нуронийлар ўз ҳаётида чуқур ҳис этмоқда. Истиқлолнинг энг катта ютуғи — фуқароларимиздаги огоҳлик, дахлдорлик ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончдир.
35 йиллик тарихий йўлимизда эришган ютуқларимиз — барчамизники. Бироқ олдимизда турган вазифалар ҳар биримиздан янада юқори масъулият, фидойилик ва ҳамжиҳатлик билан ишлашни талаб этади. Зотан, юртимиз келажаги ва 40 миллионга яқинлашаётган халқимиз фаровонлиги ягона мақсад атрофида жипслашишимизга боғлиқ.
Юқоридаги каби амалий саъй-ҳаракатларда заррача бўлса-да, ҳиссамиз борлигидан, Президентимиз улкан ишонч билдирган фаол нуронийлар сафида туриб, эл-юртимиз манфаатлари йўлида меҳнат қилаётганлигимиздан бошимиз кўкка етмоқда. Тўйга тўёна деганларидек, камтарона хизматларим давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланганим нафақат мени, бутун жамоамизни мамнун этди. Ушбу эътиборни нафақат ўзим, балки барча хоразмлик нуронийларнинг фаолиятига берилган улкан баҳо деб биламан. Ўз навбатида, ушбу юксак ишончни оқлаш учун халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахтли-саодатли ҳаёт кечиришлари йўлида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотларга ҳамиша камарбаста бўламиз.