Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ҳаёт йўлини муносиб қадрлаш устувор тамойиллардан бирига айланди. Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига ташрифи давомида амалга оширилган эзгу ташаббус ушбу ғамхўрликнинг амалдаги яққол исботи бўлди.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг фидойи вакили, фронторти меҳнат фахрийси, 96 ёшли Ҳамид ота Андаевга комбинат тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси, қарийб ярим асрлик ҳалол ва фидокорона меҳнати учун замонавий электромобиль совға қилинди.
Бу эътибор нафақат бир инсон меҳнатига, балки бутун бир авлодга, юрт тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилаётган инсонларга кўрсатилган юксак эҳтиром рамзи сифатида барчанинг қалбидан чуқур жой олди.
Ҳамид ота 1930 йилда қўшни Тожикистон Республикасининг Ғончи тумани Янгиариқ қишлоғида туғилган. Ҳарбий хизматни адо этгач, 1955 йил 25 март кунидан бошлаб, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятининг пўлат эритиш-прокат цехида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2003 йил 10 августга қадар давом этган 48 йиллик меҳнат фаолияти давомида у ҳалоллиги, юксак масъулияти, касбий маҳорати ва меҳнатсеварлиги билан минглаб ишчи-ходимларга ибрат бўлиб келган.
Ҳамид ота меҳнатда қандай фидойи бўлган бўлса, оилада ҳам шундай меҳрибон ва масъулиятли инсон сифатида ибрат кўрсатди. У 1957 йилда Раҳимахон ая билан турмуш қуриб, тўрт ўғил ва бир қизни оқ ювиб, оқ тараб, эл-юртга фойдаси тегадиган комил инсонлар сифатида камол топтирди.
— Комбинатдаги бугунги ўзгаришларни аввалги йиллар билан қиёслаб бўлмайди. Мен иш бошлаган даврларда ишлаб чиқариш жараёнлари бутунлай бошқача эди. Ўша вақтларда мазутда ишлардик, цехлардаги шовқин жуда қаттиқ бўлар, ҳатто қулоққа оғир таъсир қиларди. Бугун эса технологиялар ҳам, меҳнат шароитлари ҳам тубдан ўзгарган. Комбинат замонавий қиёфа касб этганини кўриб хурсанд бўлдим, — деди отахон.
Бугунги кунда отахон беш нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, 12 нафар набира ва 23 нафар эваранинг ардоқли бобожони сифатида катта ва аҳил оиланинг файзи бўлиб келмоқда.
Айни пайтда Бекобод шаҳридаги “Қосим ота Фармонов” маҳалласида истиқомат қилаётган Ҳамид ота маҳалланинг энг ёши улуғ ва энг фаол нуронийларидан бири ҳисобланади.
Отахон шаҳримизда “Нуроний” жамғармаси Бекобод шаҳар бўлими томонидан ўтказиб келинаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирларида фаол иштирок этиб, ёшларга ўзининг бой ҳаётий тажрибасини улашиб келмоқда.
Президентимиз томонидан меҳнат фахрийси Ҳамидч отага кўрсатилган айни юксак эътибор бутун юртимиз нуронийлари учун улкан эътироф ва юксак рағбат бўлди. Зеро, меҳнат қадрланган, нуронийлар эъзозланган юртнинг келажаги ҳамиша порлоқ бўлади.
Бекобод шаҳри нуронийлари Президентимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр-эътибор ва ғамхўрликни юксак қадрлаб, ҳар лаҳзада ушбу юксак ишончга муносиб бўлиш, юртимиз тинчлиги, маҳаллалар ободлиги, ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, шукроналик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида бор куч ва тажрибаларини сафарбар этишда давом этадилар.
Рано Ходжиматова,
“Нуроний” жамғармаси
Бекобод шаҳар бўлими мутахассиси.