Қорақалпоғистон халқ артисти Бийбираба Ўтепбергенова бу йил муборак 80 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан Қорақалпоғистондаги туман ва шаҳарларда юбилей тадбирлари тантанали тарзда ўтказилди. Тадбирларда маданият ва санъат соҳаси ходимлари, халқ ардоғидаги санъаткорлар, шоиру ёзувчилар иштирок этдилар.
Бийбираба Ўтепбергенова ўзининг меҳнати, сабри ва жамиятга фойдали фаолияти билан танилган шахслардан бири ҳисобланади. Унинг ҳаёт йўли ва амалга оширган ишлари кўпчиликка ибрат бўла олади. У 1947 йил 13 мартда Туркманистон Республикасида таваллуд топган Бийбираба Ўтепбергенова 60 йилдан ортиқ вақтдан бери саҳнада қўшиқлар куйлайди. Унинг ижросидаги кўплаб қўшиқлар халқ орасида машҳур бўлиб, кўнгиллардан жой олган. Санъаткор репертуарининг асосийсини ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман ва бошқа тиллардаги қўшиқлар ташкил қилади. Айниқса, унинг, “Чалсана бахши”, “Бўлмаса”, “Қизлари бар бизин элдин” каби қўшиқлари эл ичида машҳурликка эришган. Бийбираба опанинг қўшиқлари телеканал ва радио орқали кўп маротаба эфирга узатилган. Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда бошқа давлатларда хизмат сафарларида бўлиб, ўз санъати билан мухлислар олқишига сазовор бўлган.
Бийбираба Ўтепбергенова нафақат ўз ишида, балки устоз сифатида ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг шогирдлари жуда кўп, у ёш ижодкорларга ўзидаги бор билим ва тажрибани беминнат ўргатиб келади. Севган иши — инсонларга яхшилик қилиш, буни ҳаётининг мазмуни деб билади. Санъат соҳасидаги тинимсиз меҳнатлари инобатга олиниб, 2023 йилда Президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ҳаётининг мазмуни деб билган санъатга бўлган садоқати ўлароқ, у ҳамон саҳнада қўшиқ куйламоқда. Олтмиш йилдирки, ўз қўшиқлари билан инсонлар кўнглига кириб бормоқда. Очиқкўнгил, самимий, шогирдпарвар опанинг ишларига ривож, умрларига барака тилаймиз. Яна кўп йиллар турли миллатлар қўшиқларини куйлаб, халқлар санъати ривожига ҳисса қўшиб юраверинг, дея тилак билдириб қоламиз.
Дилшод МАМАДИЁРОВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ
давлат университети талабаси.