Қоракўл тумани ва Хива шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди
Миллий санъат ва маданият — миллатнинг кўзгуси, унинг маънавий дунёсининг асосидир. Ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодга безавол етказишда нуронийларимизнинг ҳам ўрни беқиёс.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”и қарори маҳаллаларда маданий муҳитни соғломлаштириш, кексаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда янги уфқларни очди.
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ва Маданият вазирлигининг ҳамкорликдаги қарори асосида ўтказилаётган “Нуронийлар куйлаганда” мақом ва миллий йўналишдаги қўшиқлар ижрочилиги танлови айни шу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида бўлиб ўтган танлов босқичи ҳақиқий санъат байрамига айланди. Тадбирнинг очилишида сўз олган туман ҳокими Хуршид Тоҳиров нуронийларнинг нафақат оилалар, балки жамиятда тинчлик-осойишталик ва миллий қадриятларни мустаҳкамлашдаги ролини алоҳида таъкидлади. Кекса авлод вакиллари ижросидаги миллий куй-қўшиқлар ёшлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.
Низом талабларига кўра, саҳнага чиққан 60 ёшдан ошган отахонлар ва 55 ёшдан юқори онахонлар ўзларининг ички кечинмалари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини қўшиқ орқали баён этдилар. Иштирокчиларнинг саҳна маданияти, либослари ва ижро маҳорати ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Танловда маҳорати баланд келган пешқадамлар вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш билан бир қаторда, “Нуроний” жамғармаси туман бўлимининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
* * *
Танлов жамғарманинг Хива шаҳар бўлими ҳамда шаҳар маданият бўлими томонидан ҳам юқори савияда ўтказилди. Жараён доирасида 128 нафар нуроний маданий фаолликларини намойиш қилдилар. Даставвал “Нуроний” жамғармаси Хива шаҳар бўлими раиси Қуранбой Холиқов сўз олиб, кексаларнинг бундай тадбирлардаги иштироки ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита эканини баён қилди.
Шаҳардаги 7 та маҳалладан сараланган етти нафар иштирокчи мақом ва миллий йўналишлар бўйича ғолиблик сари интилдилар. Якунда мақом йўналишида Ҳайитбой Отажонов, миллий йўналиш бўйича Маҳмуджон Машарипов юқори баҳоланиб, вилоят босқичига йўлланмани нақд қилди. Барча ижрочиларга ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Умуман, “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танлови маҳаллаларда миллий мусиқа санъатимизнинг янги қирраларини очишда ўзига хос омиллардан бўлмоқда.
Илҳомжон Абдусаломов.