Cамарқанд ва Наманганда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган ҳар бир инсон ҳар қайси даврада тўрда бўлиш, эътибор ва эъзозга ҳар жиҳатдан муносиб. Катта авлод вакилларини қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий ва муқаддас қадрият.
Мамлакатимизда олиб борилаётган улуғвор ислоҳотлар замирида ҳам, аввало, инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассам. Бу эзгу анъана ўсиб келаётган ёш авлод учун ўзига хос ҳаёт мактаби, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам маънавий кўприк ва юксак тарбия воситасига айланиб бормоқда.
Шу кунларда заминимизнинг икки йирик гўшаси — қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ҳамда гуллар диёри Наманган вилоятларида ана шундай эҳтиромнинг ёрқин намунаси сифатида, бир гуруҳ фидойи нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди.
Самарқанд: Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда йиллар давомида турли соҳаларда ишлаб, бугун кексалик гаштини сураётган, бироқ ҳамон жамият ҳаётида фаол бўлган нуронийлар жам бўлишди. Унда ҳаёт йўли маҳалладошлари, шогирдларига намуна бўлаётган, бой тажрибаси билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ва ташаббускор кекса авлод вакилларининг хизматлари юксак эътироф этилди.
“Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарорига асосан, мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маърифий соҳаларида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган фахрийлар тақдирландилар. Жорий йилда ушбу нуфузли мукофотга Самарқанд вилоятидан 78 нафар табаррук нуроний муносиб кўрилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, фахрийларни ушбу юксак мукофот билан қутлади. Вилоят раҳбари ўз сўзида кексаларнинг бой ҳаёт тажрибаси ва дунёқараши бугунги глобаллашув даврида ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантиришда бебаҳо хазина эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
— Биз сиз каби заҳматкаш, юраги Ватан деб урадиган кексаларимиз билан фахрланамиз. Нуронийларимиз бугун нафақат нафақада, балки барча ижтимоий жараёнларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлашда, оилавий низоларнинг олдини олишда фаоллик кўрсатиб, жамият тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқдалар. Сизларнинг мана шу фидойилигингиз бизга куч беради, — деди Адиз Бобоев.
Маросимда сўз олган кексалар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибордан мамнун эканликларини билдириб, масъулиятлари янада ошганини таъкидладилар.
Наманган: “Уч авлод учрашуви”га айланган маросим
Наманган шаҳридаги муҳташам “Маърифат маскани”да ҳам ўзгача байрамона, файзли ва шукуҳли муҳит ҳукм сурди. Бу ерда ташкил этилган тантана фақатгина мукофот топшириш маросими бўлиб қолмай, балки тажрибали кексалар, ўрта авлод вакиллари ва навқирон ёшларни бирлаштирган “Уч авлод учрашуви”га уланиб кетди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан узоқ йиллар юрт тинчлиги ва равнақи йўлида ҳалол хизмат қилган отахон ва онахонларимиз мунтазам тақдирланиб келинмоқда.
Шу пайтга қадар Наманган вилоятидан 432 нафар нуроний ушбу шарафли мукофотга сазовор бўлган эди. Бу йил эса уларнинг сафига яна 53 нафар фахрий қўшилди. Ушбу инсонлар оилалар мустаҳкамлигини асраш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлод вакилларини она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишларида сезиларли натижаларга эришган.
Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, вилоятнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этаётган, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатаётган дуогўй отахон ва онахонларнинг хизматларини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев Наманган аҳлининг меҳнатсеварлиги, воҳа нуронийларининг юксак маънавияти ва ёшлар тарбиясидаги ибратли ишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Шундан сўнг 1-, 2- ҳамда 3-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Совриндор отахон ва онахонлар ушбу эътироф учун ташаккур билдириб, юртимиз тинчлиги, осойишталиги, мустақиллигимиз абадийлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги учун дуога қўл очдилар.
Кечага ўзгача шукуҳ бағишлаш мақсадида таклиф этилган ёш мақомчилар томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар йиғилганларга байрам кайфиятини улашди.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд ва Наманган вилоятларида бўлиб ўтган тантаналар давлатимиз томонидан инсон қадри, айниқса, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги исботи бўлди.
Баҳодир Қиличев,
Абдурашид Болтабоев.