Мустақиллик йилларида, айниқса, охирги ўн йил мобайнида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар барча жабҳаларда улкан самаралар бериб, қўлга киритилаётган ўзига хос кўрсаткичлар нафақат мамлакатимиз, балки жаҳондаги нуфузли халқаро жамиятлар, ривожланган давлатлар томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда  юксак иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий қувватга эга бўлган Андижон вилоятининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор, албатта. Вилоятнинг туман ва шаҳарлари, хусусан, Асака туманида ҳозирги кунда барча соҳалар қатори, фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш, олтинга тенг билим салоҳияти ва тажрибаларидан баркамол авлодни тарбиялаш, халқимиз фаровонлигини оширишда фаол фойдаланишга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон Респyбликаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сонли, 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли ва 2023 йил 11 март кунидаги  “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорларида белгиланган   вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси Асака тумани бўлими томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллаларда оилалар ва ёшлар билан иш олиб боришда “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” аъзолари, тумандаги 76 та маҳалла раислари ва маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раислари иштирокида ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.

Шундан келиб чиқиб, олиб борилган амалий ишлар доирасида 65 нафар ажрим ёқасидаги ёш оила 65 нафар,  66 та таълим муассасасига 3 нафардан, жами 198 нафар нуроний бириктирилиб, йил бошидан буён ушбу фаол нуронийлар ўз зиммаларига юкланган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқдалар. Жумладан, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили доирасида 203 нафар нуронийга 1996 нафар ёш бириктирилган бўлса, ҳозирда уларнинг 1714 нафари муаммоли ёшлар тоифасидан чиқарилган. “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловида  “Ниёзботир” МФЙ “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси Шермамат ота Мадаминов туманда 1- ўринни эгаллаб, вилоят боскичида фаол иштирок этди ва 4-ўринни эгаллади.

Тумандаги давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган обрў-эътиборли кексалар, Ўзбекистон Каҳрамонлари, давлат мукофотига сазовор  фахрийлар иштирокида  корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида  ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ёшлар учун ҳам, кекса авлод вакиллари учун ҳам бирдек манфаатли бўлмоқда.

“Қадрият” МФЙда жойлашган мусиқа ва саньат мактабида ўтказилган “Қўша қариш саодати” маънавий-маьрифий тадбири ҳам улкан таассуротларга бой бўлди. Қўша қариш саодатига эришган 5 та  оила вакилларининг ибратли ҳаёти, уларнинг жамиятда тутган ўзига хос ўрни хусусида фикр юритилиб, фахрий  отахону онахонлар ёш ва ўрта авлод вакилларига ўзларининг инсонийлик сабоқларини бердилар.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида тумандаги 1100 нафар кекса нуронийлар  150 минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экиб, ёшларга чин маънода ибрат бўлишди.

Ўтган йили сентябр-октябрь ойларида “Ғайратли кексалар” шиори остида ўтказилган спорт мусобақалари нуронийлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Мазкур тадбирларда 500 дан зиёд меҳнат фахрийлари   спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси ва ДАРТС  турлари бўйича ўзаро беллашдилар. 24 нафар ғолиб қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Нуронийларимиз учун “Ғайратли кексалар” спорт мусобақалари, чин маънода, ғайрат-шижоат беллашувларига айланмоқда.

2025 йилда “Кексалар ҳафталиги” доирасида  “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда колмасин!” шиори остида ўтказилган тадбирларда 345 нафар уйда ётган беморлар, эҳтиёжманд кексалар, касалхоналарда даволанаётган кексалар, ўзгалар ёрдамига муҳтож якка-ёлғизларга мурувват кўрсатилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, уйларида ҳашарлар ташкил қилинди.   50 нафар якка-ёлғиз нуроний “Бешчашма”, 30 нафар нуроний “Бобур” сиҳатгоҳида ўз саломатлигини тиклаб қайтди. 11 нафар кекса нуронийга ногиронлик аравачалари, 8 нафарига эшитиш мосламаси берилди. Бу эзгу ва хайрли ишларни яна давом эттиряпмиз.

“Кексалар учун туризм” ойлиги давомидаги ташаббусларни ҳам ўзига хос дейиш мумкин. 2260 нафар нуроний тумандаги маданий мерос объектларига, зиёратгоҳларга, вилоятдаги “Бобур боғи” каби  қадамжоларга,   50 нафар нуроний Наманган шаҳрига, 110 нафардан зиёд асакалик нуроний  отахону онахонлар Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига саёҳатга бордилар.

Кексалар саломатлигини асраш мақсадида тизимли тарзда маҳаллаларда, оилавий, кўп тармоқли ҳамда туман поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пунктларида  22019 нафар кексалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган 22 нафар нуронийга вилоят шифохоналарида даволаниш учун ордер олиб берилди.  Беморларга зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилди. 350 нафардан ортиқ кексага дори-дармон бепул тарқатилди. Тўғри овқатланиш, узоқ умр кўриш сирларига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди. Шу билан бирга, “Биз — соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Соғлом ҳаёт — соғлом келажак”, “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” каби тадбирларнинг мунтазам ташкил қилинаётганлиги нуронийлар саломатлигини мустаҳкамлашда самарали омиллардан бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни ҳам алоҳида қайд этиш мумкин. Ушбу қарор ижроси доирасида тумандаги  76 та маҳаллада 3 нафардан, жами 228 нафар фаол нуроний танлаб олинган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 5 нафардан, жами 1140 та камбағал, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар бириктирилган. Айни вақтда ушбу фаол нуронийлар ўзларига бириктирилган оилалар билан яқиндан ишлаб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 865 та оила камбағаллик реестридан чиқарилган.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда тубдан янгиланишлар ва ўзига хос ютуқлар  маконига айланган Асака туманининг фаол нуронийлари ислоҳотлар билан қадамба-қадам, зиммаларига юкланган шарафли вазифаларни юқори масъулият ва талабчанлик билан адо этиб, эл-юрт манфаатлари йўлида камарбаста бўлиб келмоқдалар.

Исроилжон Султонов,

“Нуроний” жамғармаси

 Асака тумани бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan