Аввал хабар берганимиздек, бир гуруҳ сирдарёлик нуронийлар Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри ва вилоятидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат  уюштирганди. Ушбу хайрли ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида навбатдаги саёҳат Самарқанд шаҳридаги тарихий зиёратгоҳлар ҳамда Имом Бухорий мажмуасига ташкил этилди. Иштирокчилар сафида эл таниган зиёлилар ва ижодкорлар — устоз Акбарали Мирзааҳмедов, профессор Равшанбек Маҳмудов, файласуф олим Собиржон Исмоилов, журналист Камолхон Убайдуллаев ҳамда ёзувчи ва журналист Омонгелди Норбековларнинг борлиги тадбир мазмунини янада бойитди.

Даврадаги илмий ва адабий гурунглар сафар файзини оширди. Навбатдаги манзилларда ҳамроҳлик қилган “Самарқандтуризм” вакили Амирбек ўзининг чуқур тарихий ва диний билимлари, маданияти ҳамда ҳар бир объект бўйича батафсил тушунтиришлари билан эътирофга сазовор бўлди. Сирдарёлик фахрийлар зиёрат дастурини Пайариқ тумани Хартанг қишлоғида жойлашган муҳташам Имом Бухорий мажмуасидан бошлашди. Бугунги кунда мажмуа тубдан қайта қурилиб, янги қиёфа касб этган. Ҳудуднинг умумий майдони 45 гектарни ташкил этиб, унда 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси ҳамда миллий услубдаги 154 та устундан иборат айвон барпо этилган.

Мажмуа таркибидаги 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган 4 та ҳайбатли минора масканга ўзгача маҳобат бахш этиб турибди. Шунингдек, мажмуа қошида замонавий туризм маркази яратилган. Атрофдаги 15 гектар майдонда зарур инфратузилма шакллантирилиб, битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли меҳмонхона, 176 ўринга мўлжалланган 22 та оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ барпо этилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилган. Бунинг натижасида Имом Бухорий мажмуасининг кунлик зиёратчиларни қабул қилиш қуввати илгариги 12 минг нафардан 65 минг нафаргача етказилган.

Мажмуа ҳудудида илғор ахборот технологиялари асосида 9 та павильондан иборат инновацион музей ташкил этилган. Ушбу музей ислом оламида “муҳаддислар султони” дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий мероси ва ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини тўлақонли ёритиб беради. Шу билан бирга, музей экспозициясидан Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадина давридаги ҳаёти ҳамда ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши жараёнларига оид ноёб маълумотлар жой олган.

Муборак Жума айёми куни мажмуада сирдарёлик нуронийлар билан бир қаторда, Малайзия ва дунёнинг ўнлаб бошқа давлатларидан келган зиёратчиларни кўриб, қалбимизда миллий қадриятларимиз ва буюк аждодларимиз меросига нисбатан юксак фахр туйғуси шаклланди. Куннинг иккинчи ярмида зиёратчилар Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюришди. Муҳаммад Қусам ибн Аббос мақбараси атрофида вужудга келган ушбу меъморий ёдгорлик 25 та мақбарадан иборат яхлит тизимни ташкил этади. Йўлбошловчи Амирбек бу ерда ҳам Қусам ибн Аббос ҳаётига оид тарихий фактлар ва халқ орасидаги ривоятларни мароқли тарзда сўзлаб берди.

Маълумот ўрнида, бу улуғ зот пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) Толиб ҳукмронлиги даврида (656-661 йиллар) Макка шаҳрининг ҳокими вазифасини бажарган ҳамда кейинчалик ушбу ҳудудларда ислом динини тарғиб этишда фаол иштирок этган. Икки кунлик саёҳат мобайнида нуронийлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва ундаги машҳур мадрасалар, янги қиёфа касб этган Бибихоним мадрасаси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов уй-музейи ва қабрини ҳамда бошқа кўплаб қадамжоларни зиёрат қилишди.

Тадбирни юқори савияда ташкил этишда вилоят ҳокимлиги, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими масъулларининг ҳиссаси катта бўлди.

Мунаввар ПАРДАЕВ,

Сирдарё вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan