Кўҳна ва муқаддас Туркистон биз учун нақадар азиз ва табаррук. Асрлар давомида бу заминда камол топган олиму уламолар, маърифат аҳли ўзларининг бебаҳо илмий ва маънавий мероси билан бутун башариятни ҳайратга солиб келган. Кечагина яхлит бир диёр бўлган Туркистон замини бугун беш давлат бўлиб ажралган эса-да, соф мақсадлар йўлида, ўзаро аҳиллик ва тинчликда яшаётган қардош халқлар буюк аждодларимизнинг барҳаёт руҳларини шод этмоқда. Шу доирада сирдарёлик бир гуруҳ меҳнат фахрийлари билан Қозоғистоннинг тарихий марказлари — Туркистон ва Ўтрор шаҳарларига зиёрат сафарини уюштирдик. Бизга вилоят нуронийлари сардори Ўтбосар Абдиев ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси Рустам Турсунмуратов бошчилик қилди.
Манзил улови – замонавий ва барча қулайликларга эга автобуснинг ўз тарихи бор: ўтган йили вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимига совға қилинганди. Кўпчилигимиз бу файзли автобусда илк бор узоқ сафарга чиққанимиз боис, кексалар эъзозини жойига қўйган раҳбарларимизга чин дилдан миннатдорлик билдирдик. “Юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал”, дейдилар. Сафар таассуротлари қалбимизда бир олам бўлди. Икки қардош республика Президентлари муҳтарам Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаевларнинг оқилона, дўстона ва очиқ сиёсати туфайли чегаралардан ўтиш ҳеч қандай қийинчиликсиз кечди.
“Қоплонбек” чегара постидан ўтишимиз билан қозоғистонлик дўстларимиз бизни илиқ кутиб олиб, ўзларининг шинам автобусига таклиф қилишди. Йўл бошловчимиз — туризм идораси ходими Сабрина қизимизнинг микрофон орқали соф ўзбек тилида айтган илк сўзлари йўл чарчоғини унуттириб юборди: “Азиз меҳмонлар, жон қариндошларимиз, хуш келибсизлар! Қадамингиз қутлуғ, зиёратингиз қабул бўлсин!” Бу самимиятдан ўзимизни мусофир юртда эмас, ўз туғишганларимиз даврасида ҳис этдик ва гўзал Чимкент шаҳри орқали тарихий Ўтрор заминига йўл олдик. Автобусимиз сокин бир хотира майдони олдида тўхтади.
Бу маскан — Чин юртига мардонавор юриш қилган, буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳаётининг сўнгги манзили, яъни фоний дунёни тарк этган табаррук маскан экан. Қардош қозоқ халқи ушбу тарихий жойда гўзал хотира ёдгорлигини тиклаб қўйишибди. Нуронийларимиз билан улуғ аждодимиз руҳига дуои фотиҳа ўқиб, суратга тушдик. Пешин маҳал жазирама иссиқ ўз тафтини кўрсата бошлади. Бу кенг даштлар, ўтлаб юрган туялар бизга муборак Ҳаж сафари ёки Имом Бухорий юрти бўлмиш қадимий Бухоро кенгликларини ёдга солди. Кўп ўтмай, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий устози, машҳур саҳоба Арслонбоб ҳазратларининг мақбарасига етиб келдик.
Зиёратгоҳ ҳовлисидаги қудуқдан сув чиқариб ичдик. Суви анча шўр бўлса-да, ихлос билан симириб, мақбара ичига кирдик. Халқ орасида ажойиб бир ривоят бор: Ҳазрат Арслонбоб етти ёшли Аҳмад Яссавийни излаб топиб, унга Пайғамбаримиздан омонат бўлган хурмо данагини топширади ва: “Отинг Аҳмад экан, бошинг тўла ҳикмат экан. Менда тунаб, сендан тиласин, илоҳо омин”, дея дуо қиладилар. Шу боис, зиёратчилар, аввало, Арслонбоб, сўнгра Аҳмад Яссавийни зиёрат қилишни анъанага айлантиришган. Руҳан енгиллашиб, Туркистон шаҳри томон яна 70 километр йўл юрдик. Тарихда “Шавгар”, “Ясси” номлари билан аталган ушбу кўҳна шаҳар XV асрдан буён “Туркистон” (Туркий эл) деб юритилади.
Бугунги кунда 400 мингга яқин аҳоли яшайдиган, ўзбек ва қозоқ миллатлари аҳил истиқомат қилаётган бу шаҳар 2018 йилдан буён вилоят маркази ҳисобланади. Агар сиз Туркистонни охирги ўн йилда кўрмаган бўлсангиз, унинг бугунги қиёфасини тасаввур қилолмайсиз! Шаҳар замонавий туризм марказига айланган. Айниқса, очиқ осмон остидаги сув ҳавзасида ташкил этилган, кемаларда сузиб намойиш этиладиган театр шоуси, рангли фавворалар ва мусиқали чиқишлар дунёнинг энг ривожланган сайёҳлик шаҳарларидан қолишмайди. Сафаримизнинг иккинчи куни тонгда Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасига йўл олдик. Бу маҳобатли обида ҳам буюк бобомиз Амир Темур томонидан барпо этилган. Мақбара ичида етти хил металлдан қуйилган, оғирлиги икки тонна бўлган ноёб санъат асари — Дошқозонни кўрдик.
Ушбу қозон 1393-1399 йилларда моҳир уста Абдулазиз Табризий томонидан Туркистон яқинидаги Қарноқ қишлоғида қуйилган. Жума намозини адо этиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан қозоқ биродарларимизга дўстлик рамзи сифатида қуриб берилган муҳташам “Миромон ота” жоме масжидига бордик. Шарқона услубдаги бу муқаддас даргоҳда қозоқ ва ўзбек намозхонлари елкама-елка, бир сафда туриб, икки халқнинг тинчлиги ва фаровонлигини сўрадик. Қадимдан “Сафар қилсанг, ёнингда яхши йўлдошинг бўлсин”, дейдилар. Сафаримиз давомида 50 нафар сирдарёлик нуронийлар бир оиладек бўлиб кетдик. Автобус микрофони бир дақиқа ҳам тинмади.
Сайхунободлик 80 ёшли табаррук устоз Турсунмурот Азимов дил сўзларини баён қиларкан: “Шу пайтгача тирикчилик, рўзғор ташвишлари билан бўлиб, бу муқаддас жойларни зиёрат қилиш насиб этмаган эди. Бугун “Нуроний” жамғармаси кўмагида орзуларим ушалди, ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман”, дея кўзига ёш олди. Касаба уюшмалари федерацияси вилоят бўлими раиси Рустам Турсунмуратов ўз ижодкорлиги билан даврага файз киритди — жонли ижрода гўзал қўшиқлар куйлаб, миллий рақсларимиз билан нуронийлар кайфиятини кўтарди. Кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган устоз Қўзибой Абдуллаев машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров репертуаридан қўшиқларни маҳорат билан ижро этган бўлса, Нуриддин ҳожи Латипов Алишер Навоий ғазалларини ёддан айтиб, даврани лол қолдирди. Эл суйган инсон Нурилло Бегимқулов эса ташкилотчилик ва қувноқ суҳбатлари билан барчанинг дилини хушнуд этди.
Жамғарма вакили Рустам Бектемировнинг нуронийларга кўрсатган ғамхўрлиги ва масъулияти барчамизга намуна мактаби бўлди. Шунингдек, сафар давомида Акбарали Мирзааҳмедов, Алибой Олтмишев, Равшанбек Маҳмудов, Жумабой Отахонов, Обиджон Абдуллаев каби меҳнат фахрийлари, Муҳаммадали Ҳасанов, Ўразмат Холматов, Олибой Ибодов, Жўрабой Зулхайдаров, Иброҳим Бекболаев каби оқкўнгил заминдошларимиз билан дийдорлашиб, ёшлик хотираларини ёдга олдик. Қайтиш йўлида Чимкентдан ўтаётганимизда яна бир хушхабар эшитдик.
Гуруҳ раҳбаримиз Ўтбосар Абдиевга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси Содиқжон Турдимов қўнғироқ қилиб, отахонларнинг соғлиғи, кайфияти билан қизиқди ва оқ йўл тилади. Бундай юксак эътибордан қалбларимиз тоғдек юксалди. Инсон ёши улғайгани билан унинг қалбидаги гўзалликка, ҳаётга бўлган муҳаббати асло сўнмас экан. Кексалик — уйда бекор ўтириш дегани эмас. Сирдарё вилояти нуронийлар жамғармаси томонидан ташкил этилган ушбу саёҳат кексаларимизнинг жамиятнинг ажралмас ва ардоқли қисми эканлигини яна бир бор исботлади.
Мирзааҳмад ШОЙИМОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
Камолхон УБАЙДУЛЛАЕВ,
Журналистлар уюшмаси аъзоси.