Ўз умрини жамият ривожи, фарзандлар тарбиясига бағишлаган, узоқ йиллар бирга яшаб, сермазмун ҳаёт кечириб келаётган пиру бадавлат отахон ва онахонларимизнинг ҳаёт йўллари ёшларга ҳақиқий ибрат мактабидир.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 102-сонли умумий ўрта таълим мактабида туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлимлари ташаббуси билан яккабоғлик 6 нафар нуроний жуфтлик иштирокида “Қўша қариш саодати” лойиҳаси доирасидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Тадбирни “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Фарҳод Жумаев кириш сўзи билан очди. Учрашув меҳмонлари — Шавкат Замонов ҳамда Мушарраф ая Тиркашева, Эштемир Ражабов ва Сайқал ая Ражабова, Эшбой Хуррамов ҳамда Дилбар Раҳимова, Хўжақул Ҳайитов ва Зуҳра Тошмирова, Чори Бобоқулов ва Муҳтарама Бобоқулова, Шомурод Тожиев ҳамда Эленора Тожиевалар давранинг тўридан жой олдилар.

Қўша қариш саодатига эришган нуронийлар ўз ҳаёт йўллари ҳақида гапириб, оила деган муқаддас қўрғонни асраб-авайлаш лозимлиги, инсон ҳаётининг маъно-мазмуни ушбу қутлуғ маскан ҳаловати билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

— Бугунги кунда туманда 69 мингдан ортиқ оила бўлиб, улар 47 минг хонадонни ташкил этади, — дейди Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Латофат Бекназарова. — Уларда маънавий-маърифий, ижтимоий соғлом муҳитни шакллантиришда барчамиз фаол иштирок этмоғимиз керак.

— Кўпни кўрган донишманд, фариштасифат бобо ва бувижонларнинг катта ҳаётий тажрибаси ёш оилалар учун ҳақиқий ибрат мактаби, — дейди шифокор отахон Шомурод Тожиев. — 48 йилдан бери бирга яшаб, бахтли ҳаёт нашидасини сурмоқдамиз. Мен шундай оқила ва доно умр йўлдош билан умргузаронлик қилаётганим учун Оллоҳимга ҳамду санолар айтаман. Фарзандларимиз уйли-жойли, ўз касбларидан барака топиб, набираларнинг келажаги учун ҳаракат қилишяпти. Ушбу эътибор учун, аввало, давлатимиз раҳбарига, қолаверса, тадбир ташкилотчиларига оилам номидан улкан миннатдорлик билдираман.

Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди. Бахтли жуфтликларга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиевнинг “Ташаккурнома”лари ҳамда эсдалик совғалари туман ҳокими ўринбосари Ойбек Шаропов томонидан тантанали равишда топширилди. Нуроний отахон Хўжақул ота Ҳайитовнинг чуқур мазмунга эга шеърлари мухлисларга маъқул келиб, катта таассуротлар қолдирди.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan