Жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ва тараққиёт даражаси унинг ўз зиёлилари, илм-фан намояндаларига бўлган муносабатида кўринади. Боиси олимлар изланиши, теран тафаккури ҳамда устозлар ўгити сув ва ҳаводек зарур бўлган бугунги даврда, кенг маърифий ва тарбиявий аҳамиятга эга мулоқот давралари миллатнинг маънавий ҳамда илмий юксалишини таъминловчи асосий ҳаракатлантирувчи кучдир.
Наманган шаҳридаги муҳташам “Нуронийлар маскани”да ана шундай муҳим воқелик — “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Анъанавий 65-халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган ушбу тадбир, том маънода, илм аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг амалий ифодасига айланди. Илмий тафаккур ва табиат гўзаллиги уйғунлашган ушбу кунларда зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги ўрни яна бир бор юксак эътироф этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Бозаров ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Икромхон Нажмиддинов сўзга чиқиб, мамлакат келажаги ва Янги Ўзбекистон тараққиётида илм аҳлининг ўрни, уларнинг ижтимоий масъулияти ва жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч эканини таъкидлаб, бу борада Наманган вилоятида олиб борилаётган тизимли ишларни эътироф этди.
Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори Турсунбой Файзуллаев, ушбу олий даргоҳ профессори, фалсафа фанлари доктори Баҳриддин Талабов, Наманган давлат педагогика институти профессори, педагогика фанлари доктори Маҳбуба Собирова ҳамда Наманган давлат техника университети профессори, физика-математика фанлари номзоди Абдулбоқи Раҳмоновлар вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси томонидан кўрсатилган ушбу юксак эҳтиром ва эътибор учун миннатдорлик изҳор этди.
— Барчамизга маълумки, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган илк кунлариданоқ илм аҳлига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқдалар, — дейди Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори Турсунбой Файзуллаев. — Вилоятимиз ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими томонидан ҳам олимларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани бизга янги куч-ғайрат бағишлайди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашимиз керакки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сенатор Икромхон Нажмиддинов раҳбарлигидаги вилоятимиз нуронийлари ёш авлодни илмли, маърифатли ва салоҳиятли этиб тарбиялаш, барча соҳа фахрийларига, ёши улуғларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, маҳаллаларда тинчлик, ҳамжиҳатликни асрашдек эзгу ишларда барчамизга намуна бўлишмоқда. Айниқса, олимлар ва ёшлар иштирокидги маърифий ташаббуслар ёшларни илм-фан ютуқларига йўналтириш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Маърифий тадбирда олимлар ёшларидан қатъи назар, бор куч-ғайрати, бой ҳаётий тажрибаси ва илмий салоҳиятини Ватан равнақи, юртимизда амалга оширилаётган улуғвор ислоҳотлар муваффақияти ҳамда ёшлар тарбияси йўлида сафарбар этишга тайёр эканлигини билдиришди.
Ҳақиқатан ҳам, ушбу учрашув бой илмий тажриба, анъана ва миллий қадриятларнинг авлоддан-авлодга бекаму кўст ўтишини таъминлашга хизмат қилади. Бутун умрини илмга бахшида этган устозлар меҳнатининг қадрланиши эса изланувчан ёш олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар учун улкан рағбат вазифасини ўтайди. Маърифат улуғланган, зиёлилар ардоқланган жамиятда ҳеч қачон мафкуравий бўшлиқ юзага келмайди. Натижада ёш авлод ҳар хил ёт ғояларга чалғимай, ватанпарвар, юксак маънавиятли ва баркамол бўлиб вояга етади.
Тадбир якунида фахрий олимлардан бир гуруҳига Наманган вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Абдурашид БОЛТАБОЕВ,
Наманган вилояти.