Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида кейинги йилларда турли жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ фаровонлигига хизмат қилиб, шаҳарнинг замонавий қиёфа касб этишида ўзига хос омиллардан бўлмоқда. Айниқса, бугунги кунда шаҳарнинг турли гўшаларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар аҳолининг, жумладан, ёшларнинг Ватанимизда кечаётган янгиланишларга дахлдорлик туйғусини янада оширмоқда.

Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар иштирокида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва тарихий хотиралардан сабоқ олишга бағишланган “Қатағон қурбонлари хотираси — тарихий адолат сабоғи” мавзусида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” маърифий   тадбирини ана шундай ташаббуслардан бири дейиш мумкин.

Тадбирда  “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви бўлим бошлиғи М.Умаров сўзга чиқиб, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, шукроналик, сабр-матонат, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Шундан сўнг “Қатағон қурбонлари хотираси — тарихий адолат сабоғи” мавзусида маъруза тақдим этилди. Маърузада Усмон Носир, Боту (Маҳмуд Ҳодиев), Мунаввар қори Абдурашидхонов, Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов каби юрт фарзандларининг халқимиз маънавияти ва маърифати, равнақи йўлидаги маънавий жасорати ёдга олинди.

Аскарлар билан ўтказилган савол-жавобда  ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олдилар.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналари арафасида бу каби ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда. “Уч авлод учрашуви” тадбирлари Ангрен шаҳрининг тоғли ҳудудида жойлашган, табиати сўлим “Лашкерак” маҳалласида ҳам бўлиб ўтди.

Ангрен шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши, “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими, Ангрен шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими, Маданият бўлими ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу тадбир қизғин таассуротларга бой бўлди.

Табиат қўйнида ўтган самимий учрашувда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши мутасаддилари, нуронийлар, фаол хотин-қизлар ва ёшлар бир даврада жам бўлиб, миллий қадриятлар, авлодлар ворислиги, Ватанга муҳаббат ҳамда мустақилликнинг беқиёс қадри ҳақида  фикр алмашдилар.

Ўзаро суҳбат ва мулоқотлар жараёнида юртимизда ўтказилаётган уч авлод иштирокидаги бу каби тадбирлар мамлакатимиздаги кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларини ўзаро боғловчи, жипслаштирувчи маънавий кўприк бўлаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Суғдиёна Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan