Энг улуғ, энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарига тобора яқинлашиб бормоқдамиз. Ушбу қутлуғ сана арафасида мамлакатимизда бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштириб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий-фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлимлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан туман ва шаҳарларда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган учрашув, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Дарҳақиқат, миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар қайси мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётининг энг асосий шарти ва гаровидир. Бу ҳал қилувчи омиллар давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг барча манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади, албатта.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида истиқлолимизни улуғлаш, мустақиллик куни байрамини муносиб нишонлаш, унинг тарихий аҳамиятини кенг тарғиб этиш юзасидан қатор устувор йўналишлар белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд вилоятининг Ургут, Оқдарё, Навоий вилоятининг Кармана туманларида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил қилинди. Мазкур тадбирларда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев иштирок этди.
Ургут туманида ўтказилган учрашувда “Нуронийлар маскани”да яратилган шарт-шароитлар, маданий-маърифий ва соғломлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, нуронийлар иштирокида ўтган давра суҳбатида Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳудудлардаги ободлик ва бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилди. Учрашувда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш ҳамда нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Тадбирлар давомида тумандаги “Навбоғ” маҳалласи фаолияти билан ҳам танишилди. Маҳалла азалдан каштачилик анъаналари билан танилган бўлиб, бугунги кунда мазкур ҳунармандчилик йўналиши аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Маҳалла гузарида ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган тикувчилик цехи, унда маҳаллий аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилгани, маҳалла ҳудудидаги кутубхонада ёшларнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилиб, уларнинг мутолаа машғулотларига фаол қамраб олинганлиги ва яна қатор ташаббуслар юқори баҳоланди.
Машҳур “Чорчинор” зиёратгоҳига ташкил қилинган зиёрат вақтида Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва эзгу ишлар бардавом бўлишини тилаб, дуолар қилинди. Мазкур зиёратгоҳ Самарқанд вилоятининг энг қадимий ва табаррук масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда асрлар давомида яшаб келаётган улкан чинор дарахтлари мавжуд бўлиб, уларнинг тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалади. Зиёратгоҳ нафақат муқаддас қадамжо, балки табиат ва тарих уйғунлашган ноёб маскан сифатида ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Нуронийлар айни масканда аждодлар мероси ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш хусусида фикр алмашдилар.
Айни амалий саъй-ҳаракатлар доирасида Оқдарё туманида “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Қабулда туманнинг фаол нуронийлари, маҳалла фахрийлари ва кекса авлод вакиллари қатор муаммолар, таклиф ва ташаббуслар юзасидан мурожаат қилдилар. Хусусан, маҳаллалардаги ижтимоий муаммолар, нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар тарбияси ва аҳоли фаровонлигини оширишга доир масалалар муҳокама қилинди. Мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди. Айрим масалалар юзасидан аҳолига ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди.
Тадбирлар Навоий вилоятининг Кармана туманида фаоллик билан давом эттирилди. “Бешкент” маҳалла фуқаролар йиғинида нуронийлар “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Салим Қурбонов фаолияти билан яқиндан танишиб, маҳаллада кекса авлод вакилларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирдилар. Суҳбат чоғида Салим Қурбоновнинг маҳалла ҳаётидаги фаол иштироки, нуронийларни бирлаштириш, ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътироф этилди. Учрашувда нуронийларнинг ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш, уларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини муносиб қадрлаш ва бундай ибратли фаолиятни оммалаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Карманадаги “Нуронийлар маскани”да туманнинг фаол нуронийлари иштирокида кечган самимий очиқ мулоқот ҳам таассуротларга бой бўлди. Мулоқот доирасида фаол нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ёшлар тарбиясидаги иштироки, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирлар якунида жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фахрийларга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги кундаги ютуқларимизнинг ўзига хос омилларидан бири — аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатларига қулоқ тутилаётганлиги, одамларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб, уларга оқилона ечим топилаётганлигидир.
Ҳа, айни ўрганиш, таҳлил ва зарур амалий ёрдам кўрсатиш тадбирлари келгусида ўзининг муносиб самараларини беради. Зеро, бу каби амалий саъй-ҳаракатлардан мақсад битта, у ҳам бўлса, нуронийларимиз фаоллигини ошириш, юртимизда кечаётган оламшумул ислоҳотлар ва уларнинг ўзига хос натижаларини кенг аҳоли қатламларига тўлақонли етказишдир.
Баҳодир Валиев.