Дунё миқёсида 3 июнь — Бутунжаҳон велосипед куни сифатида кенг нишонланди.
Ушбу сана 2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош ассамблеяси томонидан расман эътироф этилган бўлиб, велосипеднинг инсон саломатлиги, экология ва барқарор ривожланишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Бугун дунёда автомобилдан фойдаланиш юқори суръатда ўсаётган бир даврда велосипед оддий транспорт воситасидан кўра каттароқ маънони англатмоқда. У соғлом турмуш тарзи, экологик маданият ва фаол ҳаёт рамзига айланиб бормоқда.
Аслида, велосипедда юриш инсон организми учун энг фойдали жисмоний машқлардан бири саналади. Мутахассисларнинг фикрича, мунтазам велосипед ҳайдаш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, ортиқча вазнни камайтиради, мушакларни чиниқтиради ҳамда стресс ва руҳий чарчоқни енгишга ёрдам беради. Айниқса, замонавий технологиялар сабаб одамларнинг кам ҳаракат қилаётгани саломатликка жиддий хавф туғдираётган бугунги кунда велосипед энг содда ва самарали ечимлардан бири бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам камҳаракатлик билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётгани, вазн ортиши натижасида одамларда кўплаб касалликлар юзага келаётгани кўпчиликни ташвишга соляпти. “Тараққиёт стратегияси” маркази берган маълумотда қайд этилишича, мамлакат аҳолисининг 44 фоизида кам ҳаракатга асосланган турмуш тарзи кузатилади, 36 фоизи эса соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилмайди. Бу эса юрак-қон томир касалликлари, диабет ва бошқа сурункали хасталикларнинг кўпайишига сабаб бўлаётгани билан хавотирли. Шундай вазиятда велосипедни кундалик ҳаётга кенг жорий этиш нафақат спорт ёки ҳордиқ воситаси, балки соғлом жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиши мумкин. Масалан, ишга ёки ўқишга қисқа масофаларда велосипедда қатнаш инсоннинг кунлик жисмоний фаоллигини оширади, транспорт харажатларини камайтиради ва энг муҳими, соғлиғини мустаҳкамлайди.
Велосипеднинг экологик аҳамияти ҳам алоҳида мавзу. Автомобиллардан чиқадиган зарарли газлар атмосфера ифлосланишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Велосипед эса экологик тоза транспорт тури бўлиб, ҳавога зарарли моддалар чиқармайди. Айниқса, йирик шаҳарларда транспорт тирбандлиги ва ҳавонинг ифлосланиши ортиб бораётган бир пайтда велосипед экологияни асрашнинг энг оддий, аммо самарали йўлларидан биридир.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, велосипедда юриш маданияти шаклланган жамиятларда аҳолининг саломатлиги яхшироқ, экологик муаммолар эса нисбатан кам бўлади. Шу боис, бугун Ўзбекистонда ҳам велосипед йўлакларини кўпайтириш, хавфсиз инфратузилма яратиш ва аҳолида велосипеддан фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бутунжаҳон велосипед куни бизни бир ҳақиқат ҳақида ўйлашга ундайди: соғлом инсон ва мусаффо табиат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Баъзан катта ўзгаришлар жуда оддий қадамдан — педал айлантиришдан бошланади.
Умиджон Эшпўлатов.