Университетни тамомлаб, диплом олган ўғлига ота 50 йиллар аввал ишлаб чиқариган “Volkswagen Beetle” автомашинаси калитини берар экан, шундай деди:
— Мана, ўқишингни аъло баҳоларга тамомладинг. Бу машинани мен кўп йиллар аввал сотиб олган эдим. Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган. Лекин уни сенга совға қилишимдан олдин, шаҳар марказидаги автосалонга олиб бориб, бу машина учун қанча нарх таклиф қилишларини билиб келишингни истайман.
Ўғил автосалонга бориб, отасининг ёнига қайтди ва деди: “Улар менга 10000 доллар таклиф қилишди, чунки машина жуда эскириб кетган”.
Шунда ота: “Энди уни ломбардга олиб бориб кўрсат-чи, қанчага олишар экан?” — деди.
Ўғил ломбардга борди ва қайтиб келиб: Машина жуда эскилиги учун ломбарддагилар 1000 долларга нархлашганини айтди.
Ота ўғлидан машинани антиквар автомобиллар ишқибозлари клубига олиб бориб, у ердагиларга кўрсатишини сўради. Ўғил машинани клубга ҳайдаб борди ва ҳаяжон билан қайтиб келиб, шундай деди: “Клубдагилар менга нақд 100000 доллар таклиф қилишди! Уларнинг айтишича, бу жуда ноёб ва коллекционерлар ўртасида энг кўп қидирилаётган модель экан!”
Шунда ота ўғлига қараб деди:
— Сени бир ҳақиқатни тушунишингни хоҳлаган эдим: фақат тўғри танланган макон қадрингга тўғри баҳо бера олади. Агар қаердадир сени қадрлашмаса, асло ғазабланма, бу шунчаки сен нотўғри жойда эканингдан далолатдир. Асл қийматингни биладиганлар — бу сени чин юракдан ардоқлайдиганлардир. Шундай экан, қадрингни тан олишмайдиган жойда ҳеч қачон қолиб кетма!”