Ҳаётимиз мазмуни, кўзимизнинг оқу қароси, эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз юзидаги беғубор табассум, қалбидаги шодлик ва қувонч дунёни янада гўзал, ҳаётимизни эса нурафшон этади. Шу боис, мамлакатимизда ҳар бир ўғил-қизнинг баркамол улғайиши, сифатли таълим-тарбия олиши ҳамда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Дунёнинг турли бурчакларида уруш ва зиддиятли вазиятлар кучаяётган бир пайтда, юртимизда болажонлар, чин маънода, бахтли болалик саодатини ҳис этиб улғаймоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маънавий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, истироҳат боғлари ва оромгоҳларга кичик саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Айниқса, меҳр ва эътиборга муҳтож қалбларга қувонч олиб кириш, уларга чинакам байрам шукуҳини улашиш олижаноб қадриятларимизнинг ёрқин намунасидир. Шу мақсадда Фарғона шаҳридаги ал-Фарғоний маданият ва истироҳат боғида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Бахтли болалик тараннуми” номи остида байрам кечаси ташкиллаштирилди. Унга вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болажонлар таклиф қилинди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Зокиржон Раҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Манзура Салимова ҳамда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Акрамжон Йўлбарсовлар сўзга чиқиб, юртимизда фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, Фарғонада бу борада олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталишди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Мирзо Улуғбек” маҳалласида жойлашган “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғида, “Шаҳриобод” маҳалласидаги “Ёшлар боғи”да ҳамда Шарғун шаҳридаги “Шахтёрлар хиёбони”да ҳам байрам тадбирлари юқори савияда ўтказилди.

Мазкур тадбирлар доирасида барча болажонларни байрам билан қутлаб, вилоят ва туманлар ҳокимликлари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Байрам дастури доирасида шахмат-шашка мусобақалари, “Менинг бахтли болалигим” мавзусида расмлар танловлари ўтказилди. Маданият бўлимлари ҳамда ёш, иқтидорли санъаткорлар жамоалари томонидан турли мусобақалар ва кўнгилочар дастурлар уюштирилди. Тадбирларда юзлаб ёшлар фаол иштирок этиб, маҳорат ва иқтидорларини намойиш этдилар. Шунингдек, байрам давомида болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган турли интерактив лойиҳалар тақдим этилди.

Тиббиёт муассасаларида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олиш тадбирлари ҳам тизимли ташкил этилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида даволанаётган болалар аҳволи ўрганилиб, уларга байрам совғалари улашилди. Бу жамиятда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва болаларга бўлган эътиборни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, ёш авлоднинг эртанги кунга ишончини орттиради.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани, Тошкент вилояти Бўка тумани, бошкентнинг Чилонзор тумани, Юнусобод тумани, Навоий ҳудудларида юқори кайфият, кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, юртимизда 0-14 ёшдаги жами болалар сони 11630879 нафарни ташкил этиб, шундан 6030736 нафарини ўғил болалар, 5600143 нафарини қиз болалар ташкил этади. Кўриниб турибдики, 40 миллионга яқин аҳолининг салмоқли қисмини (чорак қисми) болажонлар ташкил этади. Бу, ўз навбатида, барчамизни келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод ҳаётига янада ҳушёрроқ, эътиборлироқ бўлишга ундайди.

Аслида Болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бутун жаҳон ҳаракатига айланганига узоқ йиллар бўлди. Бугун дунёда зиддиятли вазиятлар кучайиб бораётган бир даврда айрим мамлакатларда уруш ва кўчишлар оқибатида очарчилик, қашшоқлик, ўлим ҳолатлари болалар ва ўсмирларнинг ҳаётига бевақт нуқта қўймоқда. Шунингдек, сиёсий беқарорлик ва иқлим ўзгариши кўчиш жараёнини тезлаштирмоқда, таълим инқирозини кучайтирмоқда. Дунёнинг айрим мамлакатларида ҳатто яшаш учун муносиб шароитнинг мавжуд эмаслиги, масалан, бошпанасизлик ва тоза ичимлик суви, зарурий озиқ-овқат базаси йўқлиги уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатяпти. Бундай мамлакатларда даромади ўта паст оилада катта бўлаётган болажонлар эса эрта ишлашга (ҳатто бу жисмоний босим бўлса-да) мажбур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 200 миллиондан ошиқ бола ва ўсмир таълимдан четда қолмоқда. ЮНИСЕФнинг 2025 йилги таҳлилларига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада камида 30 миллион, Суданда мактаб ёшидаги болаларнинг қарийб ярми (Суданда ҳар учта мактабнинг биттаси ёпилган ва мактабларнинг 11 фоиз қисми бошпана сифатида ишлатилмоқда) таълим олиш имкониятига эга эмас. Ғазо сектори бўйлаб 700 мингдан ортиқ мактаб ёшидаги болаларнинг таълими 2023 йилнинг октябрь ойидан бери расман тўхтатилган. Яманда 3 миллиондан ортиқ, Сурияда 2 миллиондан ортиқ бола таълим инқирозига учрамоқда. Мазкур муаммодан ташқари, эксплуатация хавфининг ортиши, болалар меҳнати, эрта турмуш каби кўнгилни хира қиладиган жиддий масалалар болаларнинг когнитив, ижтимоий, эмоционал ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни юқоридаги долзарб муаммоларга ечим топиш, дунё болаларининг шахс сифатидаги дахлсиз ҳуқуқларини тиклашга бутунжаҳон эътиборини қаратиш каби жиддий вазифаларни кун тартибига чиқармоқда. Гарчи болаларни ҳимоя қилиш мақсадида дунё мамлакатларида саналар турлича белгиланган бўлса-да, мақсадлар муштаракдир —  болалар ва ўсмирларнинг ҳаётига хавф солаётган омилларни йўқ қилиш, жамият эътиборини болаларнинг манфаатлари, хавфсизлиги ва фаровонлигига қаратишдир.

Бу сана нафақат байрам, балки катталар зиммасидаги масъулиятни яна бир бор эслатиб турувчи муҳим ижтимоий сигнал ҳамдир. Тарихда кўплаб болалар оғир меҳнатга жалб қилинган, таълимдан четда қолган ёки руҳий ва жисмоний босим остида яшаган. Ҳозир ҳам дунёнинг айрим ҳудудларида бу муаммолар сақланиб қолмоқда. Болаликда етишмаган ҳимоя ва меҳр инсоннинг кейинги ҳаётида ишончсизлик, қўрқув ва руҳий жароҳатлар кўринишида намоён бўлиши мумкин. Шу боис, болаларни ҳимоя қилиш масаласи глобал даражада долзарб мавзуга айланган.

Бугунги кунда бола ҳуқуқлари фақат жисмоний зўравонлик билан эмас, балки психологик босим орқали ҳам поймол этилиши мумкин. Масалан, болани доимий камситиш, бошқалар билан солиштириш, фикрини менсимаслик ёки ҳиссиётларини инкор этиш руҳий зўравонлик ҳисобланади. Шунингдек, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги хавфлар, болаларнинг шахсий ҳаётини оммага ошкор қилиш, уларни ортиқча назорат ёки босим остида тарбиялаш ҳам салбий оқибатларга олиб келмоқда. Баъзан ота-оналар яхши ният билан фарзандига ҳаддан ташқари юқори талаб қўяди, бироқ бу боланинг руҳий ҳолатига оғир таъсир қилиши мумкин.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аввало, оиладан бошланиши керак. Чунки бола ҳаётдаги хавфсизлик, меҳр ва ҳурматни дастлаб оилада ҳис қилади. Агар оилада боланинг фикрига қулоқ тутилса, ҳиссиётлари ҳурмат қилинса ва у шахс сифатида қадрланса, бу унинг соғлом психологик ривожланишига хизмат қилади. Кейинги босқичда мактаб, жамият ва давлат тизимлари бу ҳимояни давом эттириши зарур. Аслида, бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш фақат қонун билан эмас, балки кундалик муомала маданияти билан ҳам боғлиқдир. Ота-онанинг қўллаб-қувватлаши ва боланинг ҳиссиётларига бефарқ бўлмаслиги жуда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, сифатли таълим, соғлом ижтимоий муҳит, китобхонлик, спорт ва ижодий фаолият ҳам боланинг шахсий ривожланишига ижобий таъсир қилади. Энг муҳими, болага фақат натижа учун эмас, ҳаракати ва интилиши учун ҳам баҳо бериш керак.

Юртимизда эса бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг келажагини таъминлаш, ўқиши, салоҳиятини юзага чиқаришига ғамхўрлик кўрсатиш каби йўналишларда эзгу ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу келажакда, албатта, ўзининг юксак самарасини бериши шубҳасиздир. Чунки доимий қўллаб-қувватланган бола келажакда мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва руҳий жиҳатдан баркамол инсон бўлиб улғаяди.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan