Наманган шаҳри “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Гиннес рекордини ўрнатди

Бугун Наманган вилоятида юксак суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий саноат ва ишлаб чиқариш, илғор инновациялар ва шижоатли тадбиркорлик фаолияти нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон аҳлининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Азалдан довруғи кетган гулчилик санъати — Наманганнинг ташриф қоғози, унинг дунёга юз тутган ўзига хос миллий бренди десак, асло хато қилмаган бўламиз.

Жорий йил Наманганнинг асрий гулчилик тарихида, шубҳасиз, яна бир олтин саҳифа очди. Вилоятнинг фидокор, меҳнатсевар аҳли бирдамлик кўрсатиб, “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида дунёни ҳайратга солди ва нуфузли Гиннес рекордини ўрнатди.

Бу хушхабар 65-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали ва муҳташам очилиш маросимида бутун оламга янгради. Тадбир чоғида “Guinness World Records” ташкилотининг расмий вакили Шейда Субаси ушбу тарихий зафарни тасдиқловчи махсус сертификатни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга тантанали равишда топширди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йили фестивалга тайёргарлик доирасида вилоят бўйича 100 миллион туп гул кўчати экилган эди. Бу йил эса гулсевар наманганликлар ўз рекордини янгилаб, ушбу кўрсаткични 150 миллион тупга етказдилар! Айнан мана шу беқиёс нафосат меҳнати Наманган номини жаҳон рекордига киритиш имконини берди.

Анъанавий Халқаро гуллар фестивали шаҳарнинг марказий шоҳкўчаси бўйлаб ташкил этилган автопарад билан бошланди. Рангба-ранг гуллар билан безатилган транспорт воситаларининг карвони шаҳар аҳли ва дунёнинг турли гўшаларидан келган меҳмонларга ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.

Унда табаррук отахон ва онахонларимизнинг ҳам фаоллик билан иштирок этаётгани фестиваль тароватига файз бағишламоқда.

Диляра РУСТЕМ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan