Бу оламда шарқ гавҳаридек ороланиб, жаҳон саҳнида порлаб турган Янги Ўзбекистоннинг адолатли президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг халқ дарди, мамлакатимиз тараққиёти, ҳар бир оиланинг фаровонлиги учун қилаётган эзгу ишлари улкан эътирофга лойиқ.
Бугун бутун дунёга ўз ақлу заковати, ўзига хос дипломатияси, бағрикенглиги ва умумбашарий қадриятларни ҳимоя қилишдек олий фазилатлари билан танилиб бораётган муҳтарам Юртбошимизнинг халқпарвар ташаббуслари натижаси ўлароқ, “Президент ҳожиси” номига муяссар бўлган 100 нафар ҳожининг кафтларидан дуолар нур бўлиб таралмоқда.
Орамизда умр бўйи хизмат қилган, йиллар давомида маблағ тўплаб, шу кунларга етолмаган ҳожиларнинг чеҳрасидаги қувончни кўриб, тўғриси, юраклар жунбушга келмоқда. Мен ҳам шулар қаторида эканимдан ниҳоятда шодман.
“Президент ҳожилари” учун яратилган шароитлардан ғоят миннатдормиз. Жаннатий дастурхонлар атрофида айтилган дуолар нур бўлиб, ижобатга айлансин, илоҳим. Юртимиз тинч, халқимиз ҳамиша фаровон, Юртбошимиз соғ-омон бўлсинлар!
Ибодату зиёратларимиз давомида истаклари армонларга айланиб ўтиб кетган аждодларимиз учун ҳам Қуръон тиловат қилинди. Бу фараҳбахш кунларга шукроналар бўлсин.
Президентимизнинг нафақат биз, кексалар, балки Янги Ўзбекистоннинг ёшларини ҳам ўз фарзандларидек бағрига босиб, болам дея, эркалашлари, улар учун кенг имкониятлар эшигини ланг очиб қўйганларининг ўзи ҳам ёш йигит-қизлар учун айтиб адо қилиб бўлмайдиган бахт эмасми?!
Мамлакатимизда “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида оилалар камбағалликдан чиқиб, фаровон ва хотиржам хонадонларга айланиб бормоқда.
Янги Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши учун бунёд этилаётган осмонўпар бинолар, кафтдек равон йўллар, қай бир соҳани назарда тутмайлик, ўзига хос ютуқ ва самараларни санаб, адо қилиб бўлмаслиги бор гап.
Қадрли Юртбошим! Ишонч билан айтамизки, “Президент ҳожиси” деган номга мушарраф бўлганлар доимо Сизнинг атрофингизда жам бўлиб, Ватан тинчлиги ва осойишталиги, халқ фаровонлиги, ёш авлод камолини таъминлашда камарбаста бўламиз. Зеро, меҳр-мурувватнинг жавоби — садоқат ва фидойиликдир. Илоҳим, жаннатмонанд ўлкамизга асло кўз тегмасин! Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
“Президент ҳожилари” номидан Сизга яна бир бор ташаккур!
Озода Муродова,
фахрий журналист.