Кексалик донишмандлик фаслидир. Шу сабабдан ёши улуғ нуронийларнинг узоқ йиллик ҳаёт тажрибаси, бой билими ва маслаҳатларидан жамият тараққиёти, айниқса, ёшлар тарбиясида кенг фойдаланиш юртимизда қадрият даражасидадир. Бу фақат баркамол авлодни етиштиришгагина хизмат қилмай, кексаларнинг ўзини ҳам фаолликка чорлаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кексалик даврида фақат жисмоний фаоллик эмас, балки ижтимоий фаоллик ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Олимларнинг турли мамлакатларда ўтказган кузатувлари шуни кўрсатдики, оила аъзолари, дўстлари ва қўшнилари билан мунтазам мулоқот қилиб турадиган инсонлар ўзларини ёлғиз ҳис қилмайди, ҳаётга қизиқиши юқори бўлади. Бундай одамларда хотира билан боғлиқ муаммолар ҳам нисбатан камроқ учрайди.
Японияда 100 ёшдан ошган кексалар орасида ўтказилган сўровларга кўра, уларнинг аксарияти узоқ умр кўриш сирларидан бири сифатида доимий мулоқот, дўстлар давраси ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишни кўрсатган. Бу эса инсон учун яхши суҳбат ва самимий муносабат қанчалик муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Айниқса, фарзандлар ва набиралар билан суҳбатлашиш, маҳалланинг иссиқ-совуқ кунларида одамлар орасида бўлиш, кексаларнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, кун давомида камида бир неча бор яқин инсонлар билан самимий мулоқот қилган кишилар ўзларини бахтлироқ ҳис қилади. Сабаби, суҳбат чоғида инсон организмида кайфиятни кўтарувчи моддалар ишлаб чиқарилади.
Бугун мамлакатимизда нуронийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром замирида ҳам, энг аввало, ёши улуғларнинг мазмунли ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу мақсад мужассамдир. Бугун маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати”, “Бувижонлар мактаби” гуруҳларида ҳамда Нуронийлар жамоатчилик кенгашларида фаол иш олиб бораётган пиру бадавлат отахон ва онахонларимизнинг ўзлари буни эътироф этишмоқда.
Мия қаримайди!
Олимлар узоқ йиллар давомида инсон мияси маълум ёшдан кейин фақат заифлаша боради, деб ҳисоблаган. Бироқ олимларнинг кейинги йиллардаги тадқиқотлари бошқача натижани кўрсатмоқда. Маълум бўлишича, инсон янги билим ўрганишдан тўхтамаса, мияси янги нейрон толалари ҳосил қилиш қобилиятини узоқ вақт сақлаб қолади.
Мутахассислар кроссворд ечиш, китоб ўқиш, шеър ёдлаш, янги тил ёки бирор мусиқа асбобини чалишни ўрганиш, мантиқий масалалар ечиш, мунтазам жисмоний фаоллик, ижтимоий мулоқот ва сифатли уйқу миянинг ҳамиша фаол бўлишини таъминлашини таъкидламоқда. Шу боис, дунёнинг айрим мамлакатларида пенсионерлар учун махсус таълим курслари ташкил этилган.
Ҳилола Одилова тайёрлади.
