Мамлакатимиз бўйлаб оммавий спортни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган спорт тадбирларида нуронийлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Айни тадбирлар кекса фахрийларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан тетик, бардам бўлиши ва ислоҳотлардаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 Жумладан, Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Турон” маҳалласида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат фахрийси Жўрақул ота Холиқов хотирасига бағишлаб ўтказилган шахмат мусобақасини ана шундай ташаббуслардан бири дейиш мумкин.

Беллашувларда кекса, ўрта ва ёш авлоднинг фаол иштироки таъминланиб, баҳслар муросасиз, айни пайтда, дўстона ва ғоят самимий кечди. Айниқса, ёшлар нуронийлардан шахмат сир-асрорларини ўрганиш билан бир қаторда, улардан ўзига хос ҳаёт сабоқларини ҳам олдилар.

— Бундай беллашувларда уч авлод вакилларининг иштироки жуда муҳим, — дейди маҳалланинг фаол нуронийси Жуманазар Қиличев.  — Чунки ёши улуғлар спортда ҳам ёшларга ибрат бўлиб, уларни соғлом ҳаётга жалб этишда фаоллик кўрсатадилар. Маҳаллада етти ёшдан тортиб, етмиш ёшгача бўлган ҳар бир юртдошимиз жисмоний тарбия ва спорт  билан шуғулланар экан, ушбу жойда саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, ўзаро тотувлик ҳамиша барқарор бўлади.

Баҳслар якунига кўра, ёшлар ўртасида Суннат Турсунов, ўрта ёшлилар ўртасида Фахриддин Самандаров, нуронийлар ўртасида Комил Саъдиновлар ғолиб деб топилдилар. Ғолиб ва совриндорлар мутасаддилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Дарҳақиқат, спорт саломатлик, эзгу қадриятлар элчисидир. Бу каби тадбирларда фахрий кексалар ғайрат-шижоат кўрсатиб, соғломлаштириш борасидаги ташаббусларда, чинакам маънода, шахсий ибрат намуналарини намоён этмоқдалар.

Баҳодир Қиличев,

Самарқанд вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan