“Кексалардир хонадоннинг фариштаси”,
Ҳар калима, сўзларининг ҳикмати бор.
Хонадонда нуронийлар бўлса агар,
Элу юртнинг бошқача файз, ҳурмати бор.

Нуронийлар билганини пари билмас,
Кўҳна ҳаёт мактабида ибрати бор.
Эзгу ишга чоғлансалар енг шимариб,
Юрагида бобомерос қудрати бор.

Синовларни енгиб ўтган мардонавор,
Достонларга арзигудек заҳмати бор.
“Ватанимга жоним фидо бўлсин” дея,
Умрин тиккан, мардонавор меҳнати бор.

Қулфи дилин очар ҳарки давраларнинг,
Меҳри-дарё, саховатда ҳиммати бор.
“Мунча ширин ўригидан мағизи”, дея,
Ардоқлайди-гўдакнинг ҳам иззати бор.

Юртимизнинг хур тонгидан қувват олган,
Соғлом авлод қаторида ғайрати бор.
Орзуларин рўёбини кўрган сайин
Истиқлолнинг боласига ҳайрати бор.

Қадамлари, нафасида шукроналик,
Дуосида авлиёлар сийрати бор.
Иймонли эл кексаларин эъзозлагай,
Улар билан ҳаётимиз лаззати бор.

Юртда доим кексаларнинг ҳурмати бор!

Ўктамхон СОЛИЕВА,
II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси, шоира

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan