Бугунги кунда жойларда “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёшларнинг орзу-мақсадлари, истеъдод ва имкониятларини тўла қўллаб-қувватлаш, уларни рўёбга чиқаришда ўзига хос рағбат ва тарбия мактабини ўтамоқда.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Маданият ва санъат саройида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Шерзод Бўриев, шаҳар прокурори Обиджон Қўлдошев, “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Ориф Ёқубов, фаол нуронийлар, “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари, “Бувижонлар мактаби” аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

— Маълумки, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни юртимиз миқёсида раҳбарлар иштирокида ёшлар фаолияти билан боғлиқ турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, маданият ва санъат фидойиси, фаол нуроний Элмурод Боймуродов. — Тадбирда ўз санъатларини намойиш этган мақом жамоасининг чиқишларини нафақат мен, балки тадбир иштирокчилари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олдилар. Бу эса миллий мақом санъатини ривожлантирибгина қолмай, аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Тадбир давомида шаҳар ҳокими, фаол нуронийлар ва ёш авлод вакиллари ўртасида кечган самимий ҳамда очиқ мулоқот барчада катта таассурот қолдириб, ёшларнинг келажакка бўлган ишончини янада оширди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, фаол нуронийлар бундан кейин ҳам ўз куч-қувватларини ёшлар тарбияси ва таълими, аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида сафарбар этадилар.

Учрашув якунида фаол нуронийлар ва ёшларга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ҳамда Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигининг “Ташаккурнома”лари ва эсдалик совғалари топширилди.

 Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan