Дунёда шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳар бир иши — маҳорат, айтган сўзи — ўгит, яшаш тарзи эса барча учун ибрат. Шу маънода айтиш мумкинки, ярим асрдан зиёд вақт давомида эл хизмати, ватан равнақи йўлида камарбаста бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган неъмат, эъзоз ва эҳтиромнинг юксак намунаси саналади. “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, “Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби Икромхон Нажмиддинов ана шундай фидойи ва заҳматкаш инсонлардан биридир.
Икромхон Нажмиддинов ўзининг 52 йиллик фаолияти давомида қайси соҳада, лавозимда ишламасин, энг аввало, оддий инсонларнинг дарди ва ташвиши билан яшашни ҳаётий маслагига айлантирган. Наманган вилоятида Икромхон Нажмиддинов саъй-ҳаракатлари билан обод бўлган манзиллар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири бугун вилоятнинг замонавий қиёфасига кўрк қўшиб турибди.
Албатта, устознинг турли масъулиятли лавозимларда амалга оширган ва халқ хизмати йўлида қилаётган бугунги эзгу ишларининг ҳар бири алоҳида бир китобга мавзу бўлади. Зеро, у киши раҳбарлик қилган соҳаларда ўзига хос маҳорат мактаби яратилган ва устоздан ўгит олган шогирдлар бугун мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Салкам ўн йилдан буён Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси сифатида ишлаб келаётган Икромхон Нажмиддинов бугун Наманган вилоятидаги кекса авлод вакилларининг чинакам суянчиғи, маслаҳатгўйига айланган десак, муболаға бўлмайди. Бу ҳақда гап кетса, устознинг ўзи шундай дейди:
— Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида алоҳида тизим яратиб бердилар. Кексаларимиз давлатимиз раҳбарининг меҳри, эътибори ва ғамхўрлигини ҳар қадамда ва ҳар куни ҳис этмоқдалар. Хусусан, бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган 273 минг 26 нафар нуроний, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ҳамда 100 ёшдан ошган табаррук инсонлар ҳам шукроналик билан умргузаронлик қилишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Қарорлари билан сўнгги уч йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Биргина 2025 йил давомида 197 нафар фахрийнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Охирги уч йилда муҳтожлиги аниқланган 5 нафар уруш фахрийсининг хонадонлари ободонлаштирилди, уларга ногиронлик аравачалари ва эшитиш мосламалари етказиб берилди. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фахрийлар ва ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига моддий ёрдам ва совғалар берилиши таъминланди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва тиббиёт тизими ҳамкорлигида 2025 йилда 65,2 минг нафар нуроний тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 19,3 минг нафари имтиёзли даволанди. Жумладан, ўтган уч йил давомида фахрийларга 3 минг 199 та ногиронлик аравачаси ва бошқа тиббий мосламалар, протез-ортопедик жиҳозлар олиб берилди. Шунингдек, 3 минг 488 нафар нуроний санаторийларда имтиёзли дам олган бўлса, 216,8 минг нафардан зиёд фуқаронинг юртимиз бўйлаб зиёратгоҳ ва бошқа турдаги муқаддас қадамжоларга саёҳати ташкил этилди.
Дарҳақиқат, Икромхон Нажмиддинов раҳбарлигида Наманган вилоятида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ноёб тизим яратилди. Республикада биринчилардан бўлиб энг фаол нуронийлар саралаб олиниб, уюшмаган аҳоли ва муаммоли ёшларга бириктирилди. Президентимиз ташаббуси бўйича йўлга қўйилган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида 2025 йилда 2 минг 243 нафар нуронийга 22 минг 430 нафар муаммоли ёш бириктирилди ва уларнинг 99,8 фоизининг муаммолари ҳал этилиб, ёшлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлишди. Мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи Наманган шаҳрида ўтказилиб, вилоятимиз вакили 1-ўринни эгаллагани бу борадаги ишларнинг юксак эътирофи бўлди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўтган йилда вилоят бўйича 19761 та камбағал оилага нуронийлар бириктирилиб, бу оилаларнинг 85,4 фоизи камбағалликдан чиқарилди.
Шунингдек, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати сифатида Икромхон Нажмиддинов сайланган округида 650 нафар фуқарони қабул қилиб, ички йўллар ва ичимлик суви таъминоти каби кўплаб оғриқли муаммоларни ҳал этди. Унинг бевосита ташаббуси билан Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Норин ва Поп туманларида “Нуроний” жамғармасининг боғ ва токзорлари ташкил этилди. Бу эса тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, вилоятнинг барча туманларида замонавий “Нуронийлар маскани” барпо этилди.
Бугунги кунда хар бир йўналиш ва соҳаларга бириктирилган нуронийларнинг тизимли иш ташкил этишлари натижасида вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги янада яхшиланди. Уюшмаган аҳоли ва ёшларни экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиши камайди ҳамда ноқонуний миграция салмоғи қисқарди. Ёшларни дарс ва машғулот вақтида ўз ўринларида бўлишлари таъминланиб, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик камаймоқда. Энг муҳими, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида нуронийларнинг роли сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бугун Наманган тажрибаси сифатида эътироф этилаётган тизимли ислоҳотлар замирида катта ҳаётий мактаб эгаларининг меҳнати мужассам.
Ўзининг фидойилиги, бой ҳаётий тажрибаси ва жонкуярлиги билан кенг жамоатчилик ўртасида юксак ҳурмат қозонган, фаол фуқаролик позицияси ва амалга ошираётган хайрли ишлари билан намуна бўлиб келаётган Икромхон Нажмиддиновни наманганликлар устоз деб қадрлашади. Чунки Икромхон Ҳошимхоновичнинг ҳар бир эзгу саъй-ҳаракатлари замирида, энг аввало, она юртга муҳаббат, инсонийлик, юксак маданият ва шогирдларга бўлган меҳри мужассам. Қаҳрамонимизнинг ҳаёт йўли нафақат раҳбарлик масъулияти, балки замондошларининг эътирофи ва шогирдларининг миннатдорчилиги билан янада мунаввардир.
— Элга хизмат қилиш, эл-юрт ишига камарбасталик инсон умрини саодатга буркайди, — дейди Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Раҳмонжон Эгамбердиев. — Устоз Икромхон Ҳошимхонович Нажмиддинов ҳеч муболағасиз ана шундай файзли умр соҳибларидан биридир. Мен устознинг юксак маданияти, илму салоҳияти ва одамийлик фазилатларини, айниқса, ишга бўлган фидойилигини алоҳида қадрлайман. У кишининг ҳар бир мулоқот ва муомалада юксак маданиятни ҳамроҳ билиб, бой тажрибага таяниб иш юритишлари биз, ёш раҳбарлар учун алоҳида ибрат мактабидир. Бу фазилатлар Икромхон Ҳошимхонович туман, вилоят ва республика даражасидаги юқори идораларда ишлаган вақтларида ҳам соҳа ходимларини бирдамлик ва ҳамжиҳатликка, эзгу мақсад йўлида бирлашишга ундай олган. Эзгуликка ошно, эл хизматини олий мақсад деб билган устозга шогирд эканлигимдан, у киши билан замондош ва ҳамфикр бўлиб келаётганимдан фахрланаман. Муборак 75 ёшни қарши олаётган бўлсалар-да, фаолиятларидаги шижоат худди 50 ёшли инсонларникидек баланд. Ишонаманки, устозимиз эл-юрт учун ҳали кўп эзгу ишларни амалга оширадилар.
— Мен Икромхон Ҳошимхоновичнинг бутун меҳнат фаолиятини яқиндан биламан, — дейди кўплаб давлат мукофотлари, орден ва медаллар соҳиби Ботирали Икромов. — Икромхон қайси соҳада, қандай лавозимда ишламасин, ўз вазифасига доимо юксак масъулият ва талабчанлик билан ёндашади. Юксак маданиятли инсон. Бу фазилат, аввало, унинг муомаласида кўринади; шунча йил ичида бирор кишига қўполлик қилганини ёки қаттиқ гапирганини эшитмаганман. Шунингдек, унинг китобхонлиги ва билимдонлигига кўпчилик ҳавас қилади. Бугун ҳам хотираси тиниқлиги боис, ўқиган маълумотларини аниқ манбаси билан айтади ва суҳбатдошини ҳам мутолаага тарғиб қилади. У қатнашган давраларда суҳбатлар ҳамиша файзли ва мазмунли ўтади.
Денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликда, шимолнинг инжиқ иқлимида пахтадан барака топиш осон эмас. Аммо Ҳошимхон ота яратган интизом ва меҳнат муҳити ҳар йили режани ортиғи билан бажариш имконини берарди. Икромхон Нажмиддинов мана шундай табаррук зотнинг муносиб давомчисидир. Етмиш беш ёшлик муборак довонга келган бўлса-да, Икромхон ҳамон серғайрат ва ташаббускор.
Дарҳақиқат, халқнинг дуоси ва эътирофи ҳар қайси инсон учун энг олий мукофотдир. Шу маънода, инсон умрининг гўзаллиги фақат яшаб ўтилган йиллар билан эмас, балки ўша йиллар ичида қилинган хайрли ишлар ва одамлар қалбида қолган из билан чамбарчас боғлиқ. Икромхон Ҳошимхоновичнинг 75 йиллик юбилейи эса Наманган аҳли ва юртимиз учун фидойилик ҳамда садоқатнинг ўзига хос тантанаси бўла олади. Боиси, устознинг бугунги серғайрат фаолияти, ёшларга хос шижоати ва тинимсиз изланишлари бундан кейин ҳам юртимиз равнақи учун узоқ йиллар хизмат қилишидан далолатдир.
Ҳамрохон Мусурмонова.