Тил — миллатнинг руҳи, халқнинг бебаҳо маънавий бойлиги ва ўзлигини намоён этувчи буюк қадриятдир. Жумладан, она тилимиз ҳам халқимизнинг кўп асрлик тарихи, бой маданияти, урф-одатлари ва эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун ўша даврда халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлган, десак асло муболаға бўлмайди. Қонун моддаларида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши белгиланганлиги муҳим аҳамият касб этган.

2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса халқимизнинг дилидаги, орзусидаги иш бўлган эди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь санаси мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланади.

Миллатнинг нуфузи ана шу миллат, халқ тилининг қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади. Шу маънода, айтиш жоизки, она тилимиз — ўзбек тили ҳам асрлар оша ўз софлигини, ўзига хос жиҳатларини сақлаб, сайқалланиб, яшаб келаётган дунёдаги ўнлаб тиллардан бири ҳисобланади. Она тилимиз миллатимиз кўрки, ғурури сифатида халқаро миқёсда эътироф этилган. Айниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида, шунингдек, 78-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганлиги она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида байрам муносабати билан “Тил — миллат кўрки, маънавият кўзгуси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан шеър, куй-қўшиқлар ижро этилиб, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Шу билан бирга, уларнинг тил ҳақидаги билимлари ҳам синовдан ўтказилиб, ўзаро беллашув ташкил қилинди. Беллашувларни кекса нуронийлар баҳолаб бордилар.

Дастур якунида ғолиб билимдонлар ҳамда фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Умиджон Эшпўлатов.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan