Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Ўзанон” маҳалласидаги 39-умумтаълим мактабида ҳозирги кунда 753 ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 73 нафар биринчи ва олий тоифали, юқори малакали педагог-ходимлар дарс беришмоқда. Айни илм маскани рейтинг бўйича туманда, вилоятда олдинги ўринларда бормоқда. Ҳар йили мактаб битирувчиларининг 70-75 фоизи мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинмоқдалар. Мактаб битирувчилари орасида фан номзодлари, фалсафа докторлари, фан докторлари, шифокор, муҳандис ва бошқа соҳалар бўйича имтиёзли дипломлар олиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган собиқ ўқувчилар кўпчиликни ташкил қилади.
Жумладан, Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, маданият, моддий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров ва бошқаларнинг фаолиятини фикримизга яққол мисол қилиш мумкин.
Яқинда ушбу билим масканида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, “Тарханон” МФЙ “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва туман халқ таълими нуронийлар жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан “Кексалар ҳаёти — ёшларга ибрат” шиори остида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Унда туман халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги пайтда кексалик гаштини сураётган илм, фан, таълим, маданият соҳалари вакиллари иштирок этдилар.
Дастлаб узоқ йиллар халқ таълими бўлими раҳбари бўлиб фаолият олиб борган фидойи инсон — халқ таълими туман бўлими нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Ҳамид Бафоев бошчилигида дарслар кузатилиб, ўзаро таҳлил қилинди. Дарслар тугагач, “Ёш санъаткорлар” тўгараги иштирокчилари томонидан саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда Ҳамид Бафоев, айни мактабда 30 йилдан ортиқ вақт давомида директор бўлиб ишлаган Муҳаммад Неъматов, директор ўринбосари вазифасида меҳнат қилган Негмурод Норовлар сўз олиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, ёзувчи, шоира, қатор китоблар муаллифи Зуҳра Ҳамроева ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди.
Учрашув якунида мактаб раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов ёши улуғ устозларга мазкур тадбирдаги қизғин иштирок учун улкан миннатдорлик изҳор этди. Бу каби тадбирларнинг бардавом бўлиши ёш авлод камолотида ҳал қилувчи омиллардан эканлигини таъкидлади.
Олимжон Ғайбуллаев,
Бухоро вилояти.