Айни кунларда юртимизда иш олиб бораётган фаол нуронийлар ўртасида анъанавий “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман ва шаҳар, шунингдек, вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 15 март кунидаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-167-сонли, 2023 йил 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги                   ПҚ-92-сонли қарорларига асосан ташкиллаштирилаётган мазкур танловни фаол нуронийларнинг ўзларига бириктирилган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, илм-фанга қизиқтириш, мустақил ҳаётга йўллаш, бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларининг ўзига хос ҳисоботи, тақдимоти дейиш мумкин. Иккинчидан, ушбу лойиҳада иштирок этган фаол нуронийлар ўзаро бир-бирларидан тажриба ўрганиб, маҳоратларини ҳам оширмоқдалар. Бу эса уларнинг келгусидаги фаолиятларида асқотмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё ва Узун туманларида бўлиб ўтган танловлар ўзаро баҳсларга бойлиги билан ажралиб турди. Деновда бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими ўринбосари М.Абдураимов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси А.Холматовлар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили бугунги кунда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва ёш оилаларни асраб қолишда муҳим дастуриламал бўлаётганини алоҳида қайд этдилар.

Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан  3 та шарт асосида баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, фахрли 1-ўрин “Ўзбекистон” МФЙ нуронийси Элмурод Бойсариевга, 2-ўрин “Боғи Эрам” МФЙ нуронийси Зулайҳо Султоновага, 3-ўрин “Кенагас” МФЙ нуронийси Тўлқин Қораевга насиб қилди.

— Биз, нуронийларга билдирилаётган юксак ишонч зиммамизга улкан масъулият юклайди, — дейди танлов ғолиби, деновлик отахон Элмурод Бойсариев. — Ушбу ишончга ҳар доим муносиб бўлиш йўлида бор куч-имкониятларимизни сафарбар этмоқдамиз. Мен эришган ютуқни нафақат ўзимники, балки бутун туманимиз фаол нуронийларининг муваффақияти деб биламан. Олдинда вилоят беллашуви турибди. Унда ҳам бор тажрибам, билим ҳамда маҳоратимни намоён этиб, ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан. Биз, фахрийларга кўрсатилаётган  юксак эҳтиром ва эътибор учун муҳтарам Юртбошимизга улкан миннатдорлик билдираман.

Сариосиё тумани маданият уйида ўтказилган кўрик-танлов ҳам таассуротларга бой бўлди. Тадбирни туман ҳокими ўринбосари А.Шукуров кириш сўзи билан очиб, танлов аҳамиятига тўхталди. Ўз навбатида, иштирокчиларга омад тилади.

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси С.Қосимов, Маънавият ва маърифат бўлинмаси бошлиғи Х.Норматов, Маданият бўлими бошлиғи И.Ражабовлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан одилона баҳолаб борилди.

Тадбир нуронийларнинг ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Иштирокчиларнинг бир-биридан мазмунли ва рангба-ранг чиқишлари томошабинларга манзур бўлиб, танлов ўзгача байрам дастурига айланиб кетди.

Узун туманида бўлиб ўтган танловда ҳам иштирокчиларнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги ташаббуслари, маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш ва ёш авлод тарбиясига қўшаётган ҳиссасига  баҳо берилди.

Якуний хулосаларга кўра, фахрли 1-ўринни “Чақар” МФЙ нуронийси Рустам Эргашов, 2-ўринни “Наврўз” МФЙ нуронийси Дилором Сафарова,

3-ўринни “Дўстлик” МФЙ нуронийси Маматқул Шукуровлар қўлга киритдилар.

Мазкур кўрик-танлов нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг бой тажрибасини ёш авлодга етказиш ҳамда маҳаллаларда “устоз — шогирд” анъаналарини қарор топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли ҳисобланади, албатта.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар  ташкилотчилар томонидан “Ташаккурнома” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Баҳодир Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan