Катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси — ёшлар тарбиясида муҳим мактаб
Ватанга садоқат, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини асраш, миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши — ҳар бир авлод зиммасидаги муҳим вазифа. Бу эзгу фазилатларни ёшлар қалбига сингдиришда катта авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаси, ибратли йўли ва самимий насиҳатлари алоҳида аҳамият касб этади. Чиноз туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” тадбири ҳам ана шу мақсадга хизмат қилди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви, жамғарманинг Тошкент вилояти ҳамда Чиноз тумани бўлими вакиллари, Ички ишлар органлари фахрийлари, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, Ватанга муҳаббат, фидойилик ва юксак масъулият хусусида фикр алмашдилар.
Самимий мулоқот давомида фахрийлар ёш ҳарбий хизматчиларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар. Улар ҳарбий бурчни шараф билан адо этиш, хизмат интизомига қатъий риоя қилиш, ҳар қандай вазиятда масъулиятни ҳис этиш, касбга садоқат ва маънавий баркамоллик каби фазилатларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Зеро, ҳарбий хизмат нафақат жисмоний чидам ва касбий маҳоратни, балки мустаҳкам ирода, юксак ватанпарварлик туйғуси ва халқ олдидаги бурчга садоқатни ҳам талаб этади. Шу маънода, фахрийларнинг ҳаёт йўли ва хизмат давомида орттирган тажрибалари ёшлар учун ўзига хос ибрат мактабидир.
Учрашувда ёш авлодни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан тарбиялаш, тинчликнинг қадрига етиш, халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани чуқур англаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
— Авлодлар ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ёшлар тарбиясида катта авлод тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирларини мунтазам ташкил этиб келмоқдамиз, — дейди “Нуроний” жамғармаси Чиноз тумани бўлими раиси Мирсоат Мирсодиқов. — Бундай учрашувларда катталар ўз ҳаётий тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашса, ёшлар уларнинг ибратли ҳаёт йўлидан хулоса чиқарадилар. Бу эса меҳр-оқибат, ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Бундай учрашувлар ўз мазмун-моҳиятига кўра, авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ўтамоқда. Зеро, катталарнинг ҳаётий сабоқлари, ёшларнинг изланиш ва интилишлари бирлашган жойда эзгулик, ҳамжиҳатлик ва ватанпарварлик туйғулари янада мустаҳкамланади.
Нигора Ўролова,
Тошкент вилояти.