Бешбулоқлик Ризоқуловларнинг файзли оиласи ҳақида сўз
“Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан Гулистон тумани “Бешбулоқ” маҳалласида умргузаронлик қилаётган нуроний отахон Анорбой Ризоқуловнинг 80 ёшга тўлиши ва умр йўлдоши Яхшигул она билан биргаликда 60 йил саодатли оила қурганлиги муносабати билан маърифий тадбир ташкил этилди.
Миришкор бободеҳқон Анорбой ака Ризоқулов меҳнатдан қайтмайдиган, инсонлар билан ҳамиша самимий муносабатда бўладиган инсон. Ҳайдовчилик касбидан ризқ топиб, Бахт шаҳар автокорхонасида, шунингдек, Сирдарё чўл қурилишида фидойилик билан меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Яхшигул она узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган. Далада кетмон чопиб, пахта териб, фидойилик билан меҳнат қилган. Уларнинг файзли хонадонида уч ўғил, бир қиз вояга етиб, қаторга қўшилиб эл-юрт корига камарбаста бўлишди. Айни пайтда Анорбой бобонинг 16 невараси ҳам катталар ортидан бориб, камол топмоқдалар. 2 нафар чевара эса уларнинг ҳаёт қувончи.
Ушбу тадбирга таклиф этилганлар қаторида Анорбой аканинг файзли хонадонига кириб бордик. Уй соҳибларининг қуёшга қараган кенг ва обод ҳовлиси чиройли безатилган. Тўкин дастурхон атрофида узоқ-яқиндан келган меҳмонлар хуш кайфиятда жам бўлишган. Меҳмонлар қаторида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими масъул ходими, камтарин устоз Рустам ака Бектимиров, Гулистон тумани ҳокими, фаол ташкилотчи Олимжон Жўраев, туман нуронийларининг сардори Муроджон Мирзарайимовларнинг файзли тадбирга бош-қош бўлиб турганликларини кўриб жуда хурсанд бўлдик.
Қўша қариш саодатига эришиб, 60 йил бирга умр кечирган бахтиёр инсонлар — Анорбой ака Ризоқулов ва Яхшигул она Ризоқуловани чин юракдан табриклар эканмиз, у кишининг акаси, таниқли ижодкор устозимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамроқул Ризо оғамизни ҳам ёдга олиб, у кишининг ўз жигарбандларига кўрсатган меҳр-оқибатларини эсладик. Дарҳақиқат, Ҳамроқул Ризоқулов қисқа умр кечирдилар, аммо умр ва ижод баракали, сермазмун бўлди.
“Сирдарё ҳақиқати”, “Гулистон” газеталарида журналист ва муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистон Республикаси давлат матбуот қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган устозимиз Ҳамроқул Ризо ўзларидан бой маънавий мерос қолдириб, 20 дан ортиқ шеърий ва насрий тўпламларида Сирдарё ва Мирзачўл табиати, уни обод қилган заҳматкаш инсонлар меҳнатини тараннум этганлар.
Ёшлик чоғларимизда “Гулистон” газетасида у кишининг раҳбарлигида бирга ишлаган вақтларимизда, биз, шогирдларга кўрсатган меҳр-оқибати, ғамхўрлиги ва берган таълим-тарбияси алоҳида эътирофга сазовор, албатта.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтган йили 26 декабрда қалбидарё устозларимиз — Ўтбосар Абдиев, Муҳаммадали Аҳмад, Рустамбек Турдиев ва Норинисо Қосимова иштирокида Ҳамроқул Ризонинг ёрқин хотирасига бағишланган маърифий тадбир ўтказган эдик. Бу йил ҳам устозни маънавий-маърифий давраларда хотирлаш ниятидамиз.
Анорбой Ризоқуловнинг 80 ёшга тўлганлиги ва умр йўлдоши Яхшигул она билан биргаликда 60 йил саодатли оила қурганлиги муносабати билан ташкил этилган маърифий тадбирда шуларни ҳам эсладик. Яхши ниятлар, яхши тилаклар қилдик.
Ризоқуловлар оиласи “Бешбулоқ” маҳалласида ҳамиша ҳамма ҳавас қилса арзийдиган хонадонлардан бўлиб келган. Анорбой отанинг хонадонида ҳам кенг томорқа, ажойиб боғ ва олтин кузда ҳам чиройли очилиб турган сара гуллар эътиборимизни тортди. Бу — оила аҳлининг ерга меҳридан, меҳнаткашлигидан дарак беради, албатта.
Икки ёши улуғ нуроний эъзозланган тадбир эса лирик қўшиқлар, ўйин- кулгулар билан мароқли кечди.
Тадбирдан қайтишда хонадон соҳиб ва соҳибалари билан хуш кайфиятда хайрлашар эканмиз, ёши улуғ нуронийларнинг дуолари ва ибратлари билан хонадонларимиз ҳамиша файзли-баракали бўлишига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
Камолхон Убайдуллаев,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аьзоси.