Президент ташрифи — янги имкониятлар учун мустаҳкам замин
Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари бугун мутлақо янги мазмун касб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мённинг таклифига биноан, 2026 йил 13-16 сентябрь кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифи билан борди. Сеулда олий мартабали меҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Ли Чже Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб борди. Ташриф доирасида илк бор ўтказилган “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммитида ҳамкорликнинг беш стратегик йўналиши бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Термиз давлат университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Музокаралар якунида икки давлат Президентлари ҳузурида ҳужжатлар тўплами алмашилди. У транспорт, авиация, қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, техник кўмак, тиббий маҳсулотларни тартибга солиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, архив иши каби соҳаларни қамраб олди.
Таълим борасидаги ҳужжатлар олий, мактаб ва мактабгача таълимга тааллуқли бўлгани алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон – Корея бизнес-форумида икки мамлакатнинг 300 нафардан ортиқ вакили иштирок этди, янги саноат, технологик ва инвестиция лойиҳалари эълон қилинди, Ўзбекистон – Корея саноат-технологик альянсини тузиш таклиф қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатимиз учун янги иқтисодий ва технологик имкониятлар очади.
Бироқ масаланинг принципиал жиҳати шундаки, олий даражадаги сиёсий мулоқотлар фақат давлатлараро муносабатларнинг стратегик устуворликларини белгилаб қолмай, уларни ҳудудий тараққиёт ва институционал ҳамкорлик ресурсларига айлантириш учун ҳам шарт-шароит яратади. Президентимиз ташрифи натижасида кенгайган ҳамкорлик имкониятларининг амалий қиммати, аввало, уларнинг таълим, илм-фан ва иқтисодиёт ўртасида янги алоқаларни шакллантириши билан белгиланади. Сурхондарёда Корея Республикаси билан бошланган таълим соҳасидаги мулоқотга биз айнан шу нуқтаи назардан ёндашмоқдамиз.
Корея тажрибаси — Сурхондарёда
Президентимизнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифидан сўнг юзага келган қулай сиёсий-иқтисодий муҳит ҳудудлар ва олий таълим муассасалари даражасидаги ташаббусларни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Жанубий Корея билан иқтисодий, инвестициявий ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуси шу жараённинг ҳудудий ифодасидир. Ана шу изчиллик доирасида амалга оширилган сафаримизда бир қатор таълим муассасалари фаолияти билан танишдик, университетлар раҳбарлари, профессорлар ва мутахассислар билан мулоқот қилдик. Айниқса, Седжонг университети билан Термиз давлат университети ўртасида узоқ муддатли ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Музокараларда ҳамкорликнинг қуйидаги устувор амалий йўналишлари белгилаб олинди:
Термиз давлат университетида корейс тили таълим йўналишини очиш ва корейс тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш;
ТОПИК имтиҳон марказини ташкил этиш;
қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш;
сунъий интеллект, компьютер технологиялари, киберхавфсизлик, халқаро бизнес, рақамли таълим, замонавий тиббиёт ва агротехнологиялар соҳасида ҳамкорлик.
Шўрчидан — Седжонг университетигача
Сафар давомида бизга Седжонг университетида фаолият юритаётган Шўрчи туманидан етишиб чиққан ҳамюртимиз, профессор Отабек Жўраев ҳамроҳлик қилди. Олис Кореяда, нуфузли университетда сурхондарёлик олимнинг илмий-педагогик фаолият олиб бораётганини кўриш кишида фахр туйғусини уйғотади. Ҳамкасблари унга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишини кўриб, ҳавасимиз ортди.
Сафаримиз давомида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан видеомулоқот ҳам ташкил этилди. Унда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ёшлари ҳамда Кореяда таҳсил олаётган юртдош талабаларимиз иштирок этди. Биз Кореяда, ёшларимиз эса Сурхондарёда. Минглаб километр масофа, аммо битта мулоқот майдони. Кореядаги талабаларимиз у ердаги таълим муҳити, талаблар ва ўз тажрибалари ҳақида сўзлади, сурхондарёлик ёшлар эса қизиқтирган саволларига бевосита жавоб олди.
Бойликни ер остидан эмас, ер устидан излаган мамлакат
Бугун глобал тараққиётнинг энг барқарор омили нима, деган саволга ривожланган давлатлар тажрибаси муштарак жавоб беради: инсон капитали ва таълим. Иқтисодиётнинг кеча устувор бўлган тармоғи технологик трансформация таъсирида рақобат мавқеини йўқотиши мумкин. Бироқ юқори интеллектуал салоҳиятга эга, инновацион фикрлайдиган, ўзгаришларга мослашувчан, технологияни нафақат ўзлаштирадиган, балки яратадиган авлод мамлакатнинг стратегик устунлигидир. Жанубий Корея мазкур қонуниятни ўз тараққиёт амалиётида яққол намоён этган давлатлардан биридир.
Сеулнинг замонавий меъморчилиги, жаҳон бозорида рақобатбардош корейс технологиялари, автомобиль ва электроника саноати, илмий-тадқиқот инфратузилмасига назар ташлаган киши бундан етмиш йил муқаддам мамлакат қандай мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда бўлганини тасаввур қилиши қийин. Корея урушидан кейин ишлаб чиқариш ва инфратузилма издан чиққан, ресурс базаси чекланган эди. Ана шундай вазиятда тараққиётнинг устувор ресурси сифатида инсон салоҳияти танланди. Бизнингча, “Корея мўъжизаси”нинг асосий сабоқларидан бири шу. Албатта, мазкур юксалиш саноатлаштириш, экспортга йўналтирилган стратегия, инвестиция, технология трансфери, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги каби омилларнинг ўзаро таъсири натижасидир. Бироқ уларнинг барчасини ҳаракатга келтирувчи куч малакали инсондир.
Корея моделида таълим иқтисодий сиёсатдан ажралган мустақил соҳагина бўлиб қолмади. “Мактаб – университет – илмий тадқиқот – ишлаб чиқариш” ўртасида узвий институционал алоқалар шаклланди. Иқтисодиёт эҳтиёжлари тадқиқот кун тартибини белгилади, илмий натижалар эса янги маҳсулот ва технологияларга айланди.
Биз ривожланган мамлакатларнинг кўпинча тайёр натижасини – тезюрар поездлар, роботлаштирилган корхоналар, ақлли шаҳарлар ва кучли университетларни кўрамиз. Ҳолбуки, бу ютуқларнинг пойдеворида ўн йиллар давомида шаклланган билим иқтисодиёти, таълим сифати ва институционал маданият ётади.
Энг катта тажриба — таълимга муносабатда
Жанубий Кореяга хизмат сафарида эътиборимизни фақат замонавий кампуслар ёки лабораториялар эмас, балки уларнинг самарадорлигини таъминлаётган бошқарув тафаккури ҳам тортди. Нега корейс ёшлари таълимга юксак масъулият билан ёндашади? Университет меҳнат бозорининг истиқболдаги талабини қандай прогноз қилади? Илмий ишланмаларнинг тижоратлашуви нима ҳисобидан жадаллашади? Олий таълим, бизнес ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик қандай механизмларга таянади? Бу саволлар Кореядан ўзлаштиришимиз лозим бўлган асосий тажриба технологиянинг ўзи эмас, балки уни юзага келтирадиган муҳит эканини англатади.
Бу мамлакатда таълим диплом бериш тизимидан кенгроқ мазмунга эга: у меҳнат интизоми, масъулият, рақобатбардошлик ва натижадорлик маданиятини шакллантиради. Халқаро бозордаги корейс брендлари замирида молиявий капитал билан бирга интеллектуал капитал ҳам мужассам. Ҳар бир юқори технологик маҳсулот ортида муҳандис, дастурчи, тадқиқотчи ва педагогнинг узоқ йиллик меҳнати бор.
Демак, Корея тажрибасининг фундаментал хулосаси шуки, иқтисодий модернизациянинг барқарорлиги, аввало, инсон капиталининг сифатига боғлиқ.
Кореядан нимани ўрганишимиз керак?
Халқаро тажрибани трансформация қилишда методологик бир шартни ҳисобга олиш зарур: мамлакатларнинг тарихий ривожланиш йўли, демографик таркиби, миллий қадриятлари ва институционал муҳити бир хил эмас. Шу боис, Корея моделини механик тарзда кўчириш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан мақбул эмас. Биз учун муҳим масала — мазкур моделнинг самарадорлигини таъминлаган тамойилларни маҳаллий шароитга мослаштиришдир. Улар орасидан тўртта устувор йўналишни ажратиш мумкин.
Биринчидан, таълим харажат эмас, узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий инвестициядир. Унинг қайтими қисқа даврда тўлиқ намоён бўлмайди. Мактабга йўналтирилган маблағ йиллар ўтиб малакали кадрларда, университетга киритилган инвестиция эса инновация, меҳнат унумдорлиги ва юқори қўшилган қиймат яратилишида ўз ифодасини топади.
Иккинчидан, таълим ва реал иқтисодиёт интеграциясини чуқурлаштириш лозим. Сурхондарёда агросаноат, логистика, туризм, ахборот технологиялари, қайта ишлаш ва хизматлар соҳаси ривожланиши кўзда тутилар экан, университет кадрлар тайёрлашни ана шу тармоқларнинг истиқболли талабига мувофиқ режалаштириши зарур. Олий таълим нафақат мавжуд меҳнат бозорига мослашиши, балки келажак иқтисодиёти учун компетенциялар шакллантириши керак.
Учинчидан, назарий билим ва амалий компетенциялар узвийлигини таъминлаш шарт. Талабанинг ишлаб чиқариш муҳити билан танишуви диплом олгандан кейингина бошланмаслиги лозим. Иш берувчилар эҳтиёжи таълим дастурлари мазмунига интеграция қилиниши, амалиёт эса формал талаб эмас, касбий тайёргарликнинг натижадор механизмига айланиши даркор.
Тўртинчидан, профессор-ўқитувчи ва олимнинг институционал мавқеини кучайтириш зарур. Замонавий бино ва қиммат лаборатория ўз-ўзидан таълим сифатини кафолатламайди. Уларнинг самараси педагогнинг маҳорати, тадқиқотчининг илмий салоҳияти ва талабанинг интеллектуал фаоллиги билан белгиланади.
Университет ҳудуд тараққиётидан четда турмаслиги керак
Замонавий университетнинг миссияси дипломли мутахассис тайёрлаш билан чекланмайди. У ҳудуднинг интеллектуал ва инновацион ривожланиш маркази бўлиши лозим. Ҳудудий инвестиция лойиҳалари кадрлар буюртмасини, ижтимоий муаммолар тадқиқот йўналишларини, тармоқлардаги технологик ўзгаришлар эса таълим дастурларини белгилаши керак. Ривожланган давлатлар амалиётида ҳудуд эҳтиёжи университет учун илмий вазифага, иқтисодий стратегия эса таълим мазмунига айланади.
Бу ёндашув Сурхондарё учун алоҳида аҳамиятга эга. Вилоят аграр салоҳияти, туристик ва тарихий-маданий ресурслари, чегараолди савдо ҳамда транзит-логистика имкониятлари билан ажралиб туради. Мазкур йўналишларда Термиз давлат университети қуйидаги вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган:
– Қишлоқ хўжалиги. Иссиқ иқлим шароитига мос замонавий агротехнологиялар, сувни тежаш усуллари ва маҳсулотни қайта ишлаш бўйича мутахассислар тайёрлаш, фермер ва кластерларга илмий маслаҳат бериш;
– Туризм ва номоддий маданий мерос. Сурхондарёдаги тарихий-маданий меросни ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш, чет тилларини, жумладан, корейс тилини биладиган гид ва хизмат кўрсатиш кадрларини тайёрлаш;
– Логистика ва халқаро савдо. Чегара шаҳри бўлган Термизда халқаро бизнес, божхона ва логистика бўйича амалий билимга эга мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда;
– Рақамли технологиялар. Кичик бизнес ва маҳаллий бошқарувни рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича кадрлар ва лойиҳалар.
– Ёшлар ва бандлик. Талабаларга корхоналарда амалиёт, тадбиркорлик ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, битирувчиларнинг ўз вилоятида муносиб иш топишига кўмаклашиш.
Энг муҳими, бугун университет ҳокимлик, ишлаб чиқариш корхоналари ва фермер хўжаликлари билан тизимли мулоқот ўрнатиб, амалий муаммоларни тадқиқот мавзулари ва таълим дастурларига трансформация қилиш йўлида дадил одимламоқда. Корея билан академик ҳамкорлик бу жараёнга янги илмий-методик имкониятлар беради. Қўшма дастурлар, академик мобиллик ва тадқиқот лойиҳалари Сурхондарёнинг аниқ иқтисодий эҳтиёжларига йўналтирилса, университет оддий кадрлар тайёрлаш муассасасидан ҳудуд тараққиётининг стратегик ҳамкорига айланади.
Мўъжизанинг энг катта сири
“Корея мўъжизаси”ни айнан такрорлаб бўлмайди: ҳар бир мамлакатнинг институционал ва тарихий тараққиёт траекторияси ўзига хос. Бироқ унинг муваффақиятини таъминлаган қонуниятлардан ижодий фойдаланиш мумкин. Корея тажрибаси иқтисодий ўсишнинг узоқ муддатли асоси инсон капиталига ишонч ва таълимга изчил инвестиция эканини кўрсатади. Мактабга киритилган сармоянинг натижаси университетда, олий таълимга йўналтирилган маблағнинг самараси эса иқтисодиёт, илм-фан ва аҳоли турмуш сифатида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, Корея таълим тажрибасини Сурхондарёга татбиқ этиш тайёр тизимни кўчириш эмас, балки таълим, илм-фан, меҳнат интизоми ва натижадорликка муносабатни институционал жиҳатдан янгилашни англатади.
Бундай тизимли ўзгаришлар вақт ва изчиллик талаб этади. Асосий мезон эса битта: ҳамкорлик расмий ҳужжатларда қолмасдан, ҳар бир ёш учун реал таълим ва касбий ўсиш имкониятига айланиши шарт. Шу маънода, бугун университет корейс тили таълимини сифатли ташкил этиш, малакали педагогларни жалб қилиш, халқаро сертификатлаш имкониятларини кенгайтириш, қўшма дастурларни амалий босқичга ўтказиш, академик мобилликни ривожлантириш, қўшма илмий-технологик лойиҳаларни йўлга қўйиш каби тизимли вазифаларни асосий мақсад сифатида белгилаб олган.
Бир вақтлар Шўрчидан чиққан Отабек Жўраевни илм йўли Седжонг университетига олиб борган бўлса, бугун биз Седжонг университетининг илмий ва таълим имкониятларини Сурхондарёга олиб келиш учун ҳаракат қиляпмиз. Ҳамкорликнинг энг муҳим маъноси ҳам шунда.