Алишер Навоий асарларида касб-ҳунар, меҳнат, ҳунармандчилик  ва илм  ҳақида  кўплаб ҳикматли фикрлар учрайди. “Ҳунарни асрабон нетгумдир охир, Олиб тупроққами кетгумдир охир”. Бу мисралар инсон ўзидаги ҳунар ва маҳоратни қадрлаши, уни ривожлантириши эл-юртга манфаатли бўлишини англатади.

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ғозғон сангтарошлик (мармар ўймакорлиги)  мактаби асосчиси Тоҳир Раҳимовнинг 65 ёшга  тўлиши муносабати билан Навоий вилояти Ғозғон шаҳридаги “Шаббода” тўйхонасида маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, Тоҳир Раҳимовнинг шогирдлари, яқинлари,  дўстлари иштирок этиб, ўзбек миллий ҳунармандчилик ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган таниқли устага иззат-икром кўрсатишди. “Нуроний” жамғармаси Нурота тумани ҳамда Ғозғон шаҳар бўлимлари раислари Суюндиқ Қулманов ҳамда Зоҳир Ҳамроев сўзга чиқиб, Тоҳир Раҳимовнинг ибратли ҳаёт йўли барчага намуна бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Тоҳир ака Раҳимов сангтарошлик касбини улуғлаб, эл-юртда эъзозга,  кўплаб ютуқларга  эришди. 1961 йилнинг 10 октябрида Ғозғон қишлоғида таваллуд топган Тоҳир Аҳмедовичнинг боболари Абдураҳим Турдиев биринчи ўзбек ҳайкалтароши бўлганлигининг ўзи ҳам шажаранинг давомийлигини таъминлаган бўлса, ажаб эмас. Бир сўз билан айтганда, Тоҳир Раҳимов бобомерос касбни давом эттириб, бугунги кунда ўзининг маҳорат мактабини яратган устоз-ҳунарманд сифатида иззат-эътиборда. Унинг юртимиздаги зиёратгоҳлар, қадамжолар, маданий мерос иншоотларида амалга оширган ишлари беқиёс.

Бухородаги “Етти пир”, Шаҳрисабзда жойлашган “Оқсарой” мажмуасидаги Амир Темур хиёбони, Қаршидаги “Хўжаи Жарроҳ”, Касбидаги “Султон Мир Ҳайдар ота”  мажмуаларида амалга оширган ишлари диққатга сазовор. Хусусан, “Бобур” халқаро экспедицияси раҳбари Зокиржон Машрабов билан Афғонистонда бўлганида Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод қабрларини таъмирлашдек эзгу ишни адо этди.

Тоҳир  Раҳимовнинг самарали меҳнатлари давлатимиз раҳбари томонидан юксак эътироф этилиб, 2004 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлса, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденига,  2022 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига сазовор бўлди. Бу каби юксак эътирофлар унга янада куч-ғайрат бағишлади.

Бугунги кунда Тоҳир бобонинг 100 нафардан ортиқ шогирдлари юртимизнинг турли гўшаларида меҳнат қилишаётган бўлса, ўнга яқин шогирдлари ўзлари билан бирга иш олиб боришмоқда. Қаҳрамонимиз нафақат устоз-сангтарош, балки Ғозғоннинг оилапарвар отахонларидан. 44 йилдирки, ёстиқдоши Манзура ая Раҳимова билан умргузаронлик қилиб келмоқда.

3 нафар фарзанд, 10 нафар набиранинг суюкли бобо ва бувиси бўлиб маҳалланинг ибратли оилаларидан ҳисобланади. Қизлари Ҳақиқат, Линора ҳамда ўғли Рафиқжоннинг фарзандлари Абдуҳаким, Абдурасул, Сарбон, Сардор, Жўрабек ҳамда Фотиҳжонларнинг ҳам боболари касбига қизиқишлари ортган. Улар ҳам мактабдан бўш пайтларида сангтарошлик, ҳайкалтарошлик касби билан шуғулланишяпти. Бир сўз билан айтганда, ғозғонлик донишманд бобо Тоҳиржон Раҳимов сангтарошлик  ҳунарини юзлаб шоирдларига ўргатиб, ёшлар қалбида миллий ҳунармандчиликка ҳавас уйғотиб яшамоқда. Тоҳир Раҳимовнинг ибратли ҳаёт йўлини эса бугун барчага намуна қилиб кўрсатиш мумкин.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan