Умрини эзгуликка, ёшлар камоли ва таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи кишиларни, одатда, икки дунёси обод инсонлар, дейишади. Бу, бежиз эмас, албатта. Чунки борини ўзгалар манфаати учун сарф қилган инсоннинг Яратган томонидан мукофотланиши айни ҳақиқатдир. Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Чўнтош” маҳалласида яшовчи фахрий педагог Усмонали Норматовни ана шундай юртдошларимиз сирасига киритишимиз мумкин. 

Отахонни туман аҳли яхши танийди. Усмонали ака 1950 йил 1 сентябрда Денов туманида туғилган. 1956-1966 йилларда 15-мактабда таҳсил олган. 1966-1971 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўқиб, 1971-1983 йилларда ўзи ўқиган даргоҳда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси вазифасида иш бошлаган. 1983-1986 йилларда 37-мактаб директори ўринбосари, 1986-1999 йилларда Денов шаҳар халқ таълими бўлимида давлат таълим стандартлари мониторинги бўлими бошлиғи, 2015-2016 йилларда 37-мактаб директори вазифасида ишлаб, пенсияга чиққан.

Турмуш ўртоғи Бўронова Тожихол ая ҳам олий маълумотли. Термиз давлат педагогика институтини тамомлаган. 30 йил давомида математика фани ўқитувчиси бўлиб, ёш авлодга таълим-тарбия берган. Қўша қариб, кексалик гаштини суриб келаётган ушбу икки устоз нуроний бугун ҳам жамоат ишларида, маҳаллада амалга ошириладиган турли лойиҳаларда қизғин иштирок этиб, бугунги ислоҳотлар мазмунини оммага етказишда жонбозлик кўрсатадилар.

Ёшларга эзгу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қилиш, касб-ҳунар эгаллаш юзасидан йўл-йўриқлар бериб келадилар. Эрта тонгда туриб, 5000 минг қадам юриш улар учун деярли одатга айланган. Икки устоз нуроний соғлом турмуш тарзига қатъий амал қиладилар, 6 нафар фарзанд, 17 нафар невара, 8 нафар чевара уларнинг атрофида гиргиттон.

— Мен умрни шаршарага ўхшатаман, аввал шошиб-пишиб оқади, ариқ ўзанига тушгандан кейин эса тошдан-тошга урилиб пишади ва секин-аста оқаверади, —  дейдилар отахон биз билан суҳбатда. — Газета ва журналларда, телевизорда  Янги Ўзбекистонимизнинг  гуллаб-яшнаётганини кўриб, яшагинг келади.  Барчаси Юртбошимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари натижаси. Бу кунларнинг қадрига етишимиз керак.

Ҳа, бугун ҳар биримиз юртимиздаги фаровонлик, тинчлик-осойишталик учун шукрона қилишимиз лозим. Зеро, неъматларни борида қадрламоқ — инсонийликнинг олий кўринишидир.

Норхол ЧОРИЕВА,

Денов туманидаги “Меҳр-оқибат” маҳалласи фаоли.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan