— дейди Лепесбай ота Абдураимов
Учқудуқ Навоийнинг у қадар катта бўлмаган шаҳарчаси. Аммо жуда таниқли. Балки машҳур хонанда Фаррух Зокировнинг ўзимиздагина эмас, дунё саҳналаридан ҳам “Учкудууууук!!!” дея янграган қўшиғи туфайлидир. Балки бунга шаҳарча ерости хазиналарининг ноёблиги сабабдир. Эҳтимол мамлакат ғазнасига олтин қўшаётган олтин феълли одамларининг фидойи меҳнати туфайли Учуқудуқ шу қадар машҳурдир. Ҳар ҳолда Учқудуқни билмаган, танимаган инсонлар кам.
Вилоятнинг Томди туманида туғилиб, ўрта мактабни шу ерда тамомлаган, Бухоро технология институтида олий маълумот олган қозоқ йигити Лепесбай Абдураимов ҳам Учқудуқнинг довруғини эшитиб, қурувчи-муҳандис сифатида шу ерда иш бошлаган. Ишга келгану меҳри тушиб, шу ерлик бўлиб кетган. Шундан буён қанча йўллар қурилди, қанча иморатлар тикланди. Ахир, 60 йил кичик фурсат эмас. Бу вақт мобайнида Лепесбайнинг ўзи ҳам улғайди.
Томди туманидан миллий урф-одатга кўра, “обқочиб келган” Кушеркул исмли қиз ҳам бугун нуроний онахонга айланди. Лепесбай оғага турмуш йўлдош бўлиб, етти фарзанд кўрди. Иккитасини тупроққа топшириб йиғладилар, куйдилар ҳам. Беш нафарини қайнонаси Жангил момо кўмагида оқ ювиб-оқ тараб улғайтирдилар.
Учқудуқдаги каттаю кичик қурилиш ташкилотларида ишлаган, обрў-эътибор билан нафақага чиққан Лепесбай оға эркак киши уйда дам олиб қандай ўтираман, деб ўйланиб турган бир пайтда ҳамюртлари унинг номзодини Учқудуқдаги “Абай” маҳалласи раислигига тавсия қилишди. Ишончдан мамнун бўлар экан, розилик билдирди ва яна ишга шўнғиб кетди.
Икки ярим йил “Абай” МФЙдаги раислик фаолияти давомида ташкилотчилиги, ҳалоллиги маҳалла аҳлига маъқул келиб, анча ютуқларга эришдилар. Раис оғанинг ўзи эса “Ҳали одамларга керак эканман”, дея ҳар куни янги куч-ғайрат топиб, ишга киришарди. Лепесбай оғанинг номзоди энди ўзи истиқомат қилаётган “Шалхар” маҳалла раислигига кўрсатилди. Сайловда энг кўп овоз олиб, айни маҳаллада фаолият олиб бора бошлади.
“Шалхар”даги раислик даври уни ўз маҳалла аҳлига янада яқин қадрдон, жонкуяр дўст қилиб қўйди. Уч йил ичида халқ билан биргалик уни уйда зерикиб қолмаслигига сабаб бўлди. Ҳозирда эса 78 ёшли Лепес бобо туман “Нуроний” жамғармаси фаоли бўлиб, яна халқ билан бирга.
— Ўзбек халқи дўстга дўст халқ, — дейди Кушеркул она. — Мен қозоқман, ўзбек мактабида болаларга 42 йил рус тилидан сабоқ бердим. Меҳнат жамоам жуда яхши эди. Яшаш жойимда ҳам қўни-қўшниларим билан опа-сингилдек муомала қиламиз. Болаларимизга ҳам шуни ўргатдик. Наврўзда биргалашиб сумалак қиламиз. Қозоқча, ўзбекча лапарлар, яллалар айтиб, хурсанд ўтказамиз байрамни. Зуҳрахон ҳожи деган қўшним билан айниқса яқинман. Зиёдахон деган қўшни синглим билан ҳам қадрдонман. Бир-биримизга таом илинамиз. Ҳол-аҳвол сўрашиб, хабар оламиз. Улар мен пиширган бешбармоқни яхши кўришса, мен улардан ўзбекча палов дамлашни ўрганганман. Турмуш ўртоғим ҳам паловни яхши кўради. Уйда тез-тез ош дамлаймиз. Кўпчилик Учқудуққа ишлагани келаркан, аммо нафақага чиққач, яна ўз юртига кетиб қоларкан. Аммо биз кетмаганмиз. Учқудуққа меҳримиз тушиб қолган. Қишни кўпқаватли уйда ўтказсак, ёзда ҳовлимизга кетамиз. У ерда томорқамиз бор. Дарахтлар, гуллар дегандай. Яйловда беш-олтита туямиз ҳам бор. Туя сути жуда шифобахш.
Кушеркул онанинг фикр-мулоҳазаси ҳам ўзбекона бўлиб кетганини сезиш қийин эмас. У оила муқаддаслиги ҳақида ҳам анча фикрлар айтди. Аёлнинг эркакка итоати ҳақидаги гапи, айниқса, чиройли бўлди: “Эркак оила бошлиғи. Демак, бошлиқнинг фикрини ҳурмат қилиш керак. Яна бир гап, эркаклар мард бўлади, аммо бироз мўрт бўлади. Яъни тез жаҳли чиқиши, муросага келмаслиги, ички “мен”ининг юксаклиги бор гап. Аёл эса кечиримли ва мулоҳазали бўлиши шарт. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Эр-хотиннинг арзимаган нарсага жанжал қилавериши болалар тарбиясини салбий тарафга буради. Қуш уясида кўрганини қилади, ахир. Узатадиган қизингиз, уйлайдиган ўғлингиз сиздан ибрат олади”.
Бу гаплардан қўша қариш пойдеворини топиш қийин эмас. Уларнинг Лепесбай оға билан 60 йиллик аҳил турмуши, фарзандларининг олий маълумотли, ўз оиласида бахтли экани ота-онанинг ибратидан эканлиги кўриниб турибди. Беш нафар фарзанд, 14 нафар невара, 7 нафар чевара қуршовида кексалик гаштини суриб юрганларнинг оиласи фақат фарзандлари учунгина эмас, ҳамма учун ҳам ўрнак эканига амин бўлдик.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.