Томорқадан самарали фойдаланиш билим ва маҳорат талаб қилади. Етиштирган маҳсулотларингиз дастурхонга етиб борса, баҳрамандлар қўлни дуога очиб, “Деҳқонга раҳмат” деса, бу ҳам эзгуликнинг бир кўриниши, хайрли амалдир. Бошқа тарафдан, бугун “Олма пиш оғзимга туш” деган билан иш битмайди. Ер тилини билган, меҳнатдан қочмаганнинг ошиғи олчи бўлаётганини англаш қийинмас.
Бухоро туманининг “Янги турмуш” маҳалласида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, хонадонларда ташкил этилаётган иссиқхоналар оилалар учун қўшимча даромад манбаига айланаётгани қувонарли.
Масалан, Мурод Асиловни олайлик. Айни пайтда нафақада, илгари ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланган. У 2022 йилда маҳалладан ажратилган имтиёзли кредит асосида хонадонида 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этган. Фаолиятидан яхши натижага эришгач, иссиқхона майдонини кенгайтириб, қўшимча 3 сотих иссиқхона ҳам барпо этди. Бугунги кунда жами 5 сотих майдондан самарали фойдаланмоқда.
Мурод ака иссиқхонада экинларни мавсум асосида алмашлаб экиб, йилига уч маротабагача ҳосил олиш имкониятидан фойдаланади. Ноябрь ойида картошка экилади. Шундан сўнг бодринг, кейинги мавсумда эса булғор қалампири етиштирилади. Маҳсулотлар, асосан, ички бозорга чиқарилади. Натижада иссиқхона оиланинг муҳим даромад манбаларидан бирига айланган. Маълумотга кўра, иссиқхона фаолиятидан йилига 50-60 миллион сўмдан кам бўлмаган даромад олинмоқда.
Бу ердаги ишларни Мурод ака ўғли, келини ва неварлари билан биргаликда олиб боради. Оила аъзолари бўш вақтларида экинларни парваришлаш, ҳосилни йиғиб олиш ҳамда тайёр маҳсулотларни бозорга чиқариш билан шуғулланади.
Майсара НАЗАРОВА.