Рақамли аср, шиддат билан ўзгараётган ахборот оқими ва дақиқа сайин янгиланиб борувчи дунё… Аммо бу жараёнларнинг қайси бирида бўлмайлик, соҳани мукаммал ўрганиш учун устоз ва шогирд анъанасига таянишимиз бор гап. 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган фахрий журналистлар учрашуви чинакам қадр ва эҳтиром кечасига айланди.

Соҳа фахрийлари, тажрибали ижодкорлар ҳамда изланишдаги ёш қаламкашлар баҳс-мунозара ва самимий хотиралар даврасида жам бўлишди. Тадбир аввалида ҳақиқий журналист қандай бўлиши кераклиги хусусидаги фикрлар ўртага ташланди. Зеро, бугунги кунда журналистдан нафақат тезкорлик, балки чуқур таҳлил, холислик ва юксак масъулият талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов ўз сўзида бугунги авлод учун устозлар мактабининг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади:

— Журналистика — доимий изланиш, меҳнат ва масъулиятни талаб қиладиган касб. Бу соҳада ўз ўрнини топиш, эл ишончини қозониш учун инсон, аввало, касбини севиши, ҳақиқатга содиқ бўлиши керак. Ана шу фазилатларни шакллантиришда устозларнинг ўрни бебаҳо.

Ўз навбатида, контент тайёрлаш маркази бўлим бошлиғи Элбек Долимов ҳам замонавий медиа оламидаги талаблар, янги технологик имкониятлардан фойдаланиш ва сифатли контент яратиш долзарблигига тўхталиб ўтди.

Учрашувда таниқли шоир ва ношир Муҳиддин Омон ҳамда фахрий журналистлар — Жаббор Раззоқов, Шерзод Ғуломов, Насиба Иброҳимова ва Мухтор Худойқулов сўзга чиқиб, бугун журналистларнинг олдида турган муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб ўтишди ва ўзларининг соҳадаги илк қадамлари, устозлардан олган биринчи танбеҳ ва мақтовлари, соҳадаги синовли дамларни қандай енгиб ўтганликлари ҳақида сўзлаб беришди. Уларнинг ҳар бир ҳикояси ёшлар учун муҳим ҳаётий ва касбий маҳорат дарси бўлди.

Тадбир давомида очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар, медиа соҳасидаги янги тенденциялар ҳам муҳокама қилинди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, тажрибага асосланган ва ёш авлод ўртасидаги ижодий кўприкларни мустаҳкамлаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.

У. ЭШПЎЛАТОВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan