1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва равнақи, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида узоқ йиллар ўзининг фидойи меҳнати билан ҳурмат-эътибор қозониб, кексалик гаштини сураётган фахрий нуронийларимиз жуда кўп. Иброҳим Қобилов ана шундай нуронийларимиздан бириДИР. фахрий устоз — кўплаб шогирдларнинг мураббийси.
Иброҳим Қобилов 1937 йил 20 мартда Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Хўжасоат қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Отаси Каримбобо деҳқончилик билан шуғулланган. Онаси Қурбоной ая уй бекаси бўлган.
Отахон болалик ва ёшлик даврларини шундай эслайдилар:
— Иккинчи жаҳон уруши. Жуда оғир йиллар эди. Катта акам Яхшибой 20 ёшида, изидан 19 ёшли Донабой акам фронтга кетишди. 1943 йилда 18 ёшли Жалил акам урушга кетди. Икки акам урушдан ногирон бўлиб қайтди. Яхшибой акам эса фронтда ҳалок бўлди. Яшаш оғир эди. Бир ушоқ нон топишни орзу қилардик. Кечга атала қилиш учун далаларга чиқиб, бошоқ, ҳар хил ўсимликларнинг донини териб келардик. Биттагина шолча гиламимиз бор эди. Шуни ҳам қисмат бизга кўп кўрди. Бир куни бригада бошлиғи келиб, “Мен бундан қоп тиктириб, буғдой солиб, фронтга юбораман!” — деб олиб кетди. Биз эса ерда қолдик. Кийим-кечак йўқ эди, бир дона кўйлакни аввайлаб, қўшнилар билан алмаштириб, тўйга, ўқишга кийиб борар эдик. Яшаш тарзимиз аянчли аҳволда эди. Айрим ёшу қари очлик, касаллик сабаб ҳаётдан кўз юмарди. 1956 йилда 10-синфни тамомлаб, Термиз шаҳридаги педагогика техникумига ўқишга кириб, уни 1957 йилда тугатдим. Кейин эса Хўжасоат қишлоғидаги 43-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишладим. Ўқиш даврида спортга жуда қизиқиб, югуриш ва кураш мусобақаларида фаол қатнашиб, Республикада биринчи ўринларни олиб, спорт устаси бўлганман. 1962-1966 йилларда Қарши педагогика институтининг тарих факультетида ўқиб, олий маълумотга эга бўлдим. Мактаб директори лавозимларида ҳам ишлаб, “Халқ маъорифи аълочиси”, “Катта ўқитувчи” унвони, бир қанча мукофот ҳамда ташаккурномалар соҳибига айландим.
Иброҳим ота хотираларидан сўзларкан, ўзи тарбиялаб ўқитган шогирдларидан бири — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳақида фахр билан гапирадилар. Яна бир таниқли шогирдларидан бири шифокор олим Менгбой Оманов эди. Аслида отахоннинг шогирдлари жуда кўп.
Тоғай Муродни эслаганларида бир нафас жим бўлиб, шундай дедилар: “…Бир сафар дарсимда назар солсам, Тоғаймурод эски бир китобни ўқиб ўтирган экан. Ёнига келиб, танбеҳ бермоқчи бўлдим. Шунда, “Устоз, мен адабиётга жуда қизиқаман бошқа фанларга нисбатан, илтимос ёрдам қилинг!” — деган эди. Мен индамадим, дарсимни давом эттиравердим. Тўғрисўзлиги учун ҳурмат қилиб, насиҳат бериб, яхшилик сари етаклаганман. Кейинчалик ҳар сафар Хўжасоатга келганида бизникига ҳам келарди. Соатлаб суҳбат қурардик. Эл дарди билан яшаган, ҳақиқатпарвар, бир сўзли йигит эди”.
Отахоннинг шогирдларидан яна бири — Одил Хамраев иқтисод фанлари доктори, Худойқулов Садриддин Каримович эса иқтисодиёт университети проректори. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Отахоннинг оилавий ҳаёти ҳам ибратли, албатта. Турмуш ўртоғи Менгул ая Қобилова 1946 йилда туғилган. Уй бекаси. Иккалалари биргаликда
9 нафар фарзандни оқ ювиб-оқ тараб ўстирдилар. Ҳозирги кунда фарзандлар турли соҳаларда ишлаб, обрў-эътибор топиб келмоқдалар.
Устоз мураббий “Хўжасоат” маҳалла фуқаролар йиғини “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ҳамда туманимиздаги “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлиб, маънавий-маърифий ишларимизда ҳамиша фаол иштирок этадилар.
Ёшлар билан учрашувларда доимо ўзининг узуми ва майизлари билан донг таратган, меҳмондўст, улуғ саҳоба Саъд Ибн Абу Ваққос номлари билан аталадиган Хўжасоат қишлоғи шаънига доғ туширмасликни, унга муносиб бўлиш учун янги ютуқлар сари ҳамиша интилиш лозимлигини таъкидлайдилар.
Шунингдек, Иброҳим ота маҳалладаги кекса-ю ёш ўртасида тарғибот ишларини олиб боришда, ёшларни нурли келажак сари етаклашда фаол маслаҳатчи сифатида ибрат бўлмоқдалар.
Устозни табаррук 90 ёш ҳамда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклаб, у кишига сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, фарзанду яқинлар, шогирдлар камолини кўриб, уларнинг ардоғида юришни тилаб қоламиз.
Омонтурди Эсанов,
Олтинсой тумани фаол нуронийси.