— дейди навоийлик нуронийлар

“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан яқинда бир гуруҳ навоийлик нуронийларнинг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, бой ҳаётий тажрибага эга, турмуш синовларида тобланган, давлатимиз ва жамиятимизга муносиб хизмат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган пиру бадавлат нуронийларимизнинг ёш авлод тарбиясида ўз ўрни бор. Улар доимо ёшларни фаровон яшашга, гўзал турмуш кечиришга, аҳил-иноқликка, бугунги фаровон кунимизнинг қадрига етишга, эзгу амалларга саъй-ғайрат кўрсатишга чорлаб, дуоларида ёшларга умр, юртга тинчлик, халққа барака сўрайдилар.

Айни пайтда мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг саломатлигини асраш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёш авлод камолоти йўлида оқилона фойдаланиш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, кексаларнинг мароқли дам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, азиз нуронийларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бирига айланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар йили октябрь ойида “Кексалар ҳафталиги”, ноябрь ойида “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш белгиланган бўлиб, ушбу ташаббус кекса авлод вакилларининг ҳаёт тарзида янгича маъно-мазмун касб этмоқда.

Нурота ва карманалик нуронийларимиз пойтахтга саёҳат қиларкан, давлатимиз раҳбари томонидан кексаларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ғоят мамнун бўлдилар. Меҳмонлар “Саёҳат” меҳмонхонасига жойлашиб, дастлаб Тошкент телеминорасига, сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига, “Ғалаба боғи”га бордилар. Кейинги кун саёҳати Ислом цивилизацияси марказида ўтди.

— Ҳаёт ташвишлари билан бўлиб анча йиллардан бери Тошкентга бормаган эдим. Кўриб, кўзларим чақнаб кетди. Йирик ўзгаришлар, бунёдкорликлар, бир-биридан чиройли турар жой мажмуалари, осмонўпар бинолар ҳайратда қолдиради кишини, — дейди Нурота шаҳар “Мустақиллик” маҳалласи фаол нуронийси Турсун Ҳайитов. — Замонавий, шинам автобус, шунингдек, хизмат кўрсатиш даражасининг юқорилиги бизларга жуда манзур бўлди. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказини кўриб, ғоят ҳайратландим. Пойтахтимизнинг энг катта, маҳобатли масжиди бўлмиш мазкур тарихий, улуғвор марказда ибодатимизни адо этдик. Бир қатор диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишдик.

— Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, “Ғалаба боғи” каби диққатга сазовор жойларда бўлдик. Саёҳатнинг инсон дунёқараши, тафаккурига таъсири кучли дейишади. Айниқса, ўз юртингнинг қудратини намоён этувчи тарихий ёдгорлик ва мажмуалар мутлақо бошқача ҳиссиёт беради кишига. Шу маънода, бу галги саёҳат бошқаларидан бутунлай бошқача бўлди, деб бемалол айта оламан, — дейди меҳнат фахрийси Муҳаммадазим Қурбонов.

Пойтахтдан катта таассуротлар билан қайтган меҳмонлар ушбу саёҳатни ташкил этган тегишли идора ва ташкилотларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Ҳар бир нуроний ўз севинчини яширмай, дуога қўл очиб, халқ ҳаёти бугунгидан-да фаровон бўлишини, юртимизнинг тинч-осойишта бўлиб, янада тараққий этишини сўрадилар.

Абдумутал НОРБОЕВ,

Навоий вилояти Нурота тумани фаол нуронийси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan