Глобаллашув асрида бутун дунё бўйлаб тарбия борасидаги миллий анъаналарга эътиборни кучайтириш бугуннинг долзарб вазифасига айланмоқда. Аслида, дунё билан бўйлашиш ва интеграция жараёнлари асло салбий ҳолат сифатида баҳоланмайди, аммо агар халқаро тажрибаларни ўзлаштириш жараёнида миллий мафкура ва миллий манфаатлар иккинчи даражали бўлиб қолса, бу хавотир учун дастлабки сигналдир.
Шарқ халқлари, айниқса, ўзбек оилаларида бобо-бувилар билан яшаш фарзандлар тарбиясида муҳим омил бўлиб келган. Сабаби, кекса авлод вакиллари кўпни кўргани, дунёга ҳикмат кўзи билан қарай олиши, невараларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг кўнглига йўл топа олиши билан тарбияда ибратли мактабга айланади. Шу сабабдан жамиятимизда “Бувижонлар мактаби” фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабгача таълим муассасаларида бувижонлар болажонлар билан учрашиб, улар иштирокида маърифий соатлар ташкил этилмоқда. Хусусан, ўзбек халқи азал-азалдан улуғлаган анъана ва қадриятлар, ўзбекона турмуш тутумлари, урф-одатлар интерактив усулда ўргатилмоқда.
Жумладан, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган “Тойчоқ” номли 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни ёш авлод онгига сингдириш, болаларни миллий руҳда тарбиялашга қаратилган “Бувижон ўгити” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди. “Нон — азиз неъмат” мавзусида суҳбат ташкил этилиб, “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзоси болажонларга ноннинг инсон ҳаётидаги ўрни, уни эъзозлаш, исроф ва уволга йўл қўймаслик ҳақида ҳаётий мисоллар асосида сўзлаб берди. Шунингдек, нон тайёрлаш жараёни амалий тарзда намойиш этилиб, болалар бу жараёнда бевосита иштирок этдилар.
Бундай тадбирлар орқали болаларда нонни қадрлаш, меҳнатга ҳурмат, тежамкорлик каби фазилатларни шакллантириш билан бир қаторда, миллий урф-одат ва қадриятларга меҳр уйғотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу каби тадбирлар мазкур туманнинг 460-, 554-, 555-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларида ҳам ташкил этилиб, унда болажонлар миллий мусиқа асбоблари, миллий матолар, миллий ҳунармандчилик ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Қолаверса, шунга ўхшаш маънавий-маърифий тадбирлар пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани, Фарғона вилоятининг Бувайда тумани, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива туманида ҳам ташкил қилиниб, болаларнинг нутқ маданияти текширилмоқда, хусусан, тўғри талаффуз ва спорт машғулотлари назорат қилинмоқда.
Сўғдиёна Собирова.