Зокиржон Раҳмонов,
“Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини катта тантана билан нишонладик. Ушбу байрам тантаналарида мустақиллик йилларидаги, айниқса, сўнгги ўн йил мобайнида эришилган ютуқларимиз эътирофи қалбларимизни фахрга тўлдирди.
Йиллар тезоқар дарёдай шиддат билан ўтиб боряпти. Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинган кун — 1991 йил 31 август санаси кечагидай ёдимда. Истиқлол ғояларини ҳимоя қилиш осон кечмаган. Бу йўлда халқимиз бошидан кечирган машаққатлар, талотўплар ёдимиздан асло чиқмайди.
Истиқлолимизнинг ўн йилликларини солтиштирар эканман, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётимизнинг кейинги одимлари, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ютуқлардан кўнглим фахрга тўлади ва шундай дориломон кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтаман.
Хўш, охирги йиллардаги тараққиёт мезонлари нималарда кўринади? Яхши биламизки, ҳеч қайси давлат ўз ҳолича ривожланмайди. Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган ички ва ташқи сиёсати туфайли қўшни ва қатор ривожланган давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенг йўлга қўйилгани, валютани эркин айрибошлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга яратилаётган қатор имтиёзлар, хорижий инвесторлар учун имкониятлар эшиги очиб берилиши ана шу мезонларнинг асоси бўлди, десам, ҳақиқатни айтган бўламан. Буни қарангки, 2017 йилда Фарғона вилоятига инвестиция киритган давлатлар сони бор-йўғи учта бўлса, бугунга келиб, 35 тадан ошди. Улар орасида Хитой, Туркия, Германия, Жанубий Корея, Россия, АҚШ каби ривожланган давлатлар сармоядорлари етакчилик қилмоқда.
Фарғона вилоятида саноат корхоналари охирги йилларда 2,8 баробарга кўпайиб, 13 мингтага етгани ҳам бу борадаги аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотолар самарасидир. Саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 1182 та лойиҳа ишга туширилиб, 100 минглаб янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йили экспорт географияси 22 та давлатга кенгайиб, фарғоналик ишлаб чиқарувчилар бозори учун янги имкониятлар очилгани кўпни, жуда кўп йиллар синовларидан ўтган кекса авлод вакилларини, айниқса, хурсанд қилмоқда. Негаки, юртимиздаги фаровонлик, ободлик фарзандларимиз, невараларимизнинг ҳаётида ўз ифодасини кўрсатмоқда. Янги-янги корхоналар очилиб, янги иш ўринлари пайдо бўлиши натижасида халқимиз ҳаётига ободлик, фаровонлик кирмоқда.
Биз, кекса авлод вакиллари яхши биламизки, илгари ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича ҳозиргидек кенг имкониятлар йўқ эди. Бугун эса биргина “Қўқон” эркин иқтисодий саноат зонаси мисолида оладиган бўлсак, бу ерга қиймати 980 миллион доллар бўлган 147 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган. Ўтган давр мобайнида 120 та саноат корхонаси томонидан 3 триллион 904 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 137,9 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилингани вилоятимиз саноат салоҳиятининг нечоғли ортиб бораётганини кўрсатиб турибди.
“Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида экспортчи корхоналар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланяпти. Ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ривожлантириш мақсадида, Жанубий Корея Республикасининг Асан шаҳрида “Фарғона инвестициялар ва савдо уйи” очилишини илгари тасаввур ҳам қилолмаганмиз. Бу, бизнинг маҳаллий маҳсулотларимиз Корея бозорига кириб бориши ҳамда ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларни тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкониятини бермоқда.
Фарғона дарвозасига туташ катта майдонда хитойлик инвесторлар иштирокида қурилаётган “Евро-Осиё” бозори Фарғона тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. Яқин ўтмишда ҳам аксарият хўжаликларда пахта ҳосилдорлиги нари борса, 20-25, кўпида ундан ҳам паст бўларди. Президентимиз раҳнамолигида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди: ерларни соғломлаштириш, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва қўллаш, пахтачиликка замонавий техника ва технологияларни кенг жорий этиш, деҳқончилик маданиятини оширишга эътибор кучайтирилгани шарофатидан аграр тармоқда умидбахш бурилиш ясалди. Биргина мисол келтирай: Ёзёвон туманидаги миришкор деҳқон отасининг изидан борган умидли ёшлардан Абдувоҳид Обидов бошлиқ “Мезон” фермер хўжалиги уч йилдан буён хитой технологияси асосида чигит экиб, парваришлаб, ўтган йили гектаридан 75 центнердан пахта ҳосили олди. Қойил, дейсизми?! Бошоқли дон ҳосилдорлиги 130 центнерга етганига нима дейсиз?! Вилоятимизда бундай фермерлар сафи тобора кенгайиб боряпти ва бу қишлоқ аҳли турмуш даражасида ўз аксини топиб турибди.
Президентимизнинг қишлоқ хўжалигидаги яна бир умидбахш ислоҳотлари пахта майдонлари қисқартирилиб, улар ўрнига иқтисодий самарадорлиги юқори узум, мева ва бошқа экинлар экилишига кенг йўл очилаётгани деҳқон ва соҳибкорларнинг дилидаги иш бўлди. Эндиликда экишдан бошлаб, саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олувчи замонавий агромарказлар ташкил этилмоқда. Авваллари деҳқону соҳибкорлар етиштирган маҳсулотларига бозор тополмай сарсон бўлишган. Бугунги кунда Фарғонамизда маҳсулотларни харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга чиқариш билан боғлиқ мукаммал тизим яратилди.
Ҳудудда қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда икки босқичли сув тежовчи технологиялар ўрнатилган. 110 гектар майдонда интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчиликни қамраб олган комплекс тармоқ ривожига хизмат қиляпти. Қуёш панеллари нафақат электр билан таъминлайди, балки экин учун соя вазифасини ҳам ўтайди. Шу орқали ўсимликлар илдизи атрофидаги намликни сақлайди. Бу, ўз навбатида, сув тежамкорлигига хизмат қилади. Ушбу ажойиб занжир ҳалқаси ҳароратни меъёрда ушлаб туриш орқали қуёш панелининг барқарор ишлашини таъминлайди. Натижада сув сарфи 40, ўғит сарфи 35, қўл меҳнати 90 фоизга камайиши кузатилган, ҳосилдорлик эса 25 фоизга ошган.
Фарғонамизнинг қайси соҳасига қараманг, ўсиш, ривожланишни кўряпмиз. Ҳудудимизнинг туризм салоҳияти охирги йилларда жадал юксалиб бораётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ҳақиқатан ҳам, водий гавҳари бўлган гўшамизнинг гўзал табиати кимларни мафтун этмайди, дейсиз. Шоҳимардондаги, “Каркидон” сув омбори атрофидаги қурилиш ва бунёдкорликлар, ақлингизни шоширади. Қадим Марғилоннинг тақир даштликлардан иборат массивида шахсан Президентимиз берган ғоя асосида қисқа муддатда бунёд этилган “Бурҳониддин Марғиноний” номи билан аталган мажмуадаги гўзал меъморий ечимлар, неча минг йиллик тарихни кўз олдингизда гавдалантирган рамзларни кўрар экансиз, инсон ақлу заковатига тасаннолар айтасиз, албатта. Мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этиб, табрик нутқи сўзлаган давлатимиз раҳбарига фарғоналиклар ўз миннатдорликларини тўлқинланиб изҳор этдилар. Бугун бу ер нафақат мамлакатимиз, балки хорижий сайёҳларни ҳам чорлаётганига гувоҳмиз.
Вилоятимизнинг ўзига хос янги тимсоли бўлган экошаҳар — “Янги Ўзбекистон” массиви қуриб битказилди. Кўз ўнгимизда дунёнинг мегаполислари билан бўйлашаётган, шарқона латофат, замонавий шаҳарсозлик ва ландшафт архитектура анъаналари билан уйғунлашган муҳташам уй-жой массиви бўй кўрсатди. Бу ерда яшаш истагидаги юртдошларимиз сафи кундан-кун ортиб бормоқда. Шаҳарларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юбораётган файзли ва обод кўчалар, баланд иморатлар халқимизнинг фазилатига хос бунёдкорлик ва яратувчанликнинг ёрқин тимсолидир.
Кўҳна Фарғонанинг жанубий сарҳадларига туташ, яқин йилларгача бир гиёҳ унмаган, тош-шағалдан иборат дала-даштда янги шаҳар қурилишининг биринчи босқичи ўз якунига етди. Умумий майдони 300 гектар масканда 2800 хонадондан иборат 75 та кўп қаватли уй-жой қуриб битказилди. Иккинчи босқичда яна 25 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиши ҳисобига 1350 оила янги уй билан таъминланади.
Кейинги йиллардаги ҳаётбахш ислоҳотларнинг намунаси сифатида Қўқон шаҳридаги эски ёғ-мой заводи ўрнида аҳоли турмуш даражасини кўтариш, фаровонлигини ошириш мақсадида қурилган янги шаҳарча бугун нафақат шаҳар, балки вилоятимиз кўркига айланди. “Азизтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Мовароуннаҳр”, “Хўжанд” ва “Истиқлол” кўчалари кесишмасидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 6 минг 335 та хонадонли 83 та кўп қаватли уйлар қад кўтарди. Уйларнинг ҳар жиҳатдан арзон ва сифатли бўлиши инобга олинган. Уйлар тежамкор қуёш панеллари билан таъминланди. Қурилиш, ободонлаштириш билан боғлиқ ишлар жамоатчилик назорати асосида ўрганиб борилди. Энди ҳаммаси бир жойда мужассам. Уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида болалар боғчаси, мактаб, тиббий хизмат, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари қурилаётгани аҳолига ҳар томонлама қулайлик туғдиради.
Ҳунармандлар шаҳри бўлган Марғилон йиллар давомида уй-жой масаласида муаммолар гирдобида қолиб, бир ҳовлида уч-тўртадан оила яшашга мажбур эди. Энди ҳаммаси ўзгарди. Яйдоқ дала-даштда қад кўтарган мажмуага уланиб кетган, шундоққина шоҳ йўл бўйидаги “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши қадим кентга янги ҳаёт нафасини олиб кирди. Бу ерда замонавий турмуш тарзи учун зарур бўлган барча инфратузилма барпо қилинган. Уларни кузатиб, халқнинг орзу-умидлари ушалаётган шундай бетакрор юртда яшаётганингга шукроналар қиласан одам. Ҳаммаси гўзал, бетакрор. Одамларнинг дунёқараши, кайфияти ҳам шунга муносиб ўзгариб бораётганини кўриб-билиб турибмиз.
Дарҳақиқат, давлатимизнинг энг катта бойлиги, бу — меҳнаткаш, ижодкор, яратувчи халқимиздир. Ана шу халқнинг дуогўйи бўлган, бошидан иссиқ-совуқни кўп ўтказган биз, нуронийлар юқорида тилга олган янгиланишларга осонликча эришилмаётганини ҳаммадан кўра яхшироқ идрок этамиз. Шунинг учун бўлса керакки, Янги Ўзбекистонни бунёд этишда, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ёшларни билим чўққиларига интилиш, курашувчанлик, замондошларимизни она Ватанга садоқатли бўлишга даъват этувчи, юртимиз ва элимизга омонлик, ободлик тилаб қилаётган дуоларимиз баробарида, ўзимиз ҳам шу жараёнларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз. Ижтимоий давлатимизда биз, кексаларга кўрсатилаётган эъзозу эътибор фарғоналик нуронийларни ҳам шундай яшашга чораб турибди.
Саксон ёшни ортда қолдирса ҳам, илм-фан тараққиёти йўлида изланаётган, бир неча ўнлаб шогирдлар устози, Фарғона давлат университети профессори Турғуной Эгамбердиева, анорчилик сирларини бутун дунёга ёяётган, Республикада хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, қувалик Мастурахон Сайфутдинова озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдаги ютуқлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Жаҳоннинг 100 нафар аёл қаҳрамони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади. Етмиш ёшида ҳам тадбиркорлик қилиб, тиниб-тинчимаётган, ёшларнинг ўқиши, юриш-туришига ҳамиша бош-қош бўлиб, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида ҳозиргача 100 нафардан ортиқ ёшни ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда иш билан таъминланишига эришган Фурқат туманилик Муҳаммадали Эшонқулов, олтиариқлик маънавиятчи, ёшларни аждодларимиз меросидан баҳраманд этиш йўлида бор салоҳиятини бағишлаётган, қатор китоблар муаллифи Ваҳобжон Азимов, жамғармамиз қошидаги “Бувижонлар мактаби” сардори Дилоромхон Муҳамедова, 1000 ўринли мактаб қуриб берган қўқонлик тадбиркор Аҳмаджон ота Халилов сингари ўнлаб, юзлаб фахрийларимиз номини эҳтиром билан тилга олгим келади.
Нуронийларимиз бугун халқимизни дориломон кунларнинг қадрига етиб, шукронасига бутун дунёда нуфузи тобора ортиб бораётган Янги Ўзбекистонга садоқат билан хизмат қилишга ундамоқдалар. Ишонч билан айта оламанки, биз, фарғоналиклар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотлар самарасидан руҳланган ҳолда, фаоллик ва фидойилик кўрсатиб, эл-юрт манфаатларини таъминлаш йўлида камарбаста бўламиз.