Одатда, улуғ ёшдаги инсонларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, жамоавий тарзда машғулотлар ўтказишини кунчиқар мамлакатлар ёки Европа давлатлари тажрибасида тез-тез учратамиз. Аммо бугун бундай ижобий манзара бизда ҳам анъанага айланиб, тобора оммалашиб бораётгани қувонарли.

Хусусан, Чилонзор туманидаги “Хайробод” маҳалласида истиқомат қилувчи 20 нафардан ортиқ бувижонлар соғлом турмуш тарзини кундалик одатга айлантириб, ҳудуддаги 202-мактабнинг спорт залида ҳафтасига 3 маротаба махсус чиниқиш ва гимнастика машқларини бажаришмоқда.

Ёшга мос равишда танланган бу машғулотлар қон айланишини яхшилаш, бўғимлар ҳаракатчанлигини ошириш ва умумий тетикликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Биргаликдаги учрашувлар нуронийлар учун шунчаки спорт эмас, балки ўзаро дийдорлашув ва ҳамфикрлар билан дилдан суҳбатлашиш майдонига айланиб улгурган.

— Узоқ йиллар тиббиёт соҳасида ишлаганим сабабли ҳаракатнинг инсон саломатлиги ва умр давомийлиги учун қанчалик муҳимлигини яхши биламан, — дейди машғулот иштирокчиси Зумрад Мансурова. — Умр ўтгани сайин камҳаракатлилик турли хасталикларга сабаб бўлади. Машғулотлар эса нафақат қон босимимиз ва бўғинларимиз ҳолатини меъёрда ушлаш, балки кун бўйи юқори кайфиятда бўлишимизга ёрдам бермоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, туманнинг кўплаб маҳаллаларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб этилмоқда. Жумладан, “Баҳористон”, “Лутфий” ва “Наққошлик” маҳаллаларида фаол нуронийлар иштирокида “5000 қадам” пиёда юриш тадбирлари ўтказиб бориляпти.

Ҳа, уларнинг бу каби юксак интилиши ва ғайратини кўрган мактаб ўқувчилари ҳамда маҳалла ёшларида соғлом ҳаёт тарзига бўлган иштиёқ янада кучайиши аниқ.

Нафиса СУВОНОВА,

“Нуроний” жамғармаси Чилонзор тумани бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan