— дейди 87 ёшли отахон Даврон бобо
Даврон бобо бу йил 87 баҳорни қаршилади. Қотмадан келган, чайир, ўсиқ қошлари остидан кўзлари порлаб турган бу инсонни кўрган одам отахонда ҳали ҳам ёшлик шижоати сўнмаганлигининг гувоҳи бўлади. Шу ёшга кирган бўлса-да, қадди тик, қўлига ҳасса тутмаган.
Отахоннинг эл орасида обрў-эътибори баланд. Маҳалла-кўйнинг бирор тадбири у кишисиз ўтмайди. Одамлар доим отахондан маслаҳат сўраб иш тутишга ўрганиб қолишган.
Отахон эрта тонгда туриб, мол-қўйларга қарайди, томорқадаги экинларни парвариш қилади. Гарчи бу ишларни бажаришга ҳозиру нозир турган фарзанд-набиралар бўлса ҳам айни юмушларни ўзи бажаришни маъқул кўради. “Сиз уринманг, ҳамма ишни ўзимиз қиламиз”, дейишларига қарамай, отахон уларга ҳар сафар бир жавобни айтади: “Иш одамни тирик тутади, бекорчилик эса руҳни заифлаштиради. Инсон ҳаракат билан тирик”.
Даврон буванинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги тикланиш йилларига тўғри келди. Ўша даврда кун кечириш ниҳоятда қийин, бир бурда нон топиш амри маҳол эди. Уруш асоратлари бирданига йўқолиб кетмади. Унинг таъсири анча йиллар одамлар ҳаётида сезилиб турди. Қишлоқда қанча одам очликдан вафот этди. Ҳаёт ҳадеганда ўнгланиб кетмади.
Болакай Даврон буларнинг барчасини ўз кўзи билан кўрди. Уларнинг оиласи каттагина, Даврон 8 нафар фарзанднинг энг кичиги эди. Турмуш синовлари бу оилани ҳам четлаб ўтмади. Оиладаги 8 нафар фарзанднинг 6 нафари турли сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмди. Улардан бир қиз ва бир ўғил: Ҳақиғаой ва Даврон қолди. Ана шундай оғир дамларда у отасига елкадош бўлди. Ғамларини аритди. Ўсмирлик давридаёқ оила ташвишини ўз зиммасига олди. Шу билан бирга, ўқиш, билим олиш учун ўзида куч ва имкон топа олди.
У ўзини келажакда билимли, эл корига ярайдиган инсон сифатида кўришни орзу қиларди ва бунга ишонарди. Бу ишонч унга куч бағишлар, орзулари сари дадил қадам ташлашга ундарди. Қишлоқдошлари эса ундаги тиришқоқлик ва ғайрат-шижоатни кўриб, “Тангрибердининг ўғлидан кайвони чиқади”, деб кўп айтишарди.
Даврон бобо ўз меҳнат фаолиятини 1955 йилда ўша пайтларда ташкил этилган Артел бирлашмасида касб-ҳунар ўрганишдан бошлаган. Шундан сўнг 1957 йилда мебель ишлаб чиқариш цехида иш фаолиятини давом эттирди. Кўп ўтмай цех бошлиғи вазифасига тайинланди. 1964-1967 йилларда Қарши политехникумида таҳсил олди. Техникумни битирган йили уни шу жойда ишга олиб қолишди. 1970 йилдан то нафақага чиққунига қадар Уй-жой коммунал хўжалиги бошқармасида турли лавозимларда ишлади.
Айтиш керакки, отахоннинг бутун умри ҳалол меҳнатда ўтди. Ўз меҳнати, одамийлиги, ишга бўлган муносабати туфайли меҳнат жамоасида ҳам, одамлар орасида ҳам ҳурматга сазовор бўлди. Ҳамкасблари, шогирдлари, таниш-билишлари ҳозир ҳам унинг хонадонидан оёқ узишмайди. Отахоннинг суҳбатини олиш пайидан бўлишади.
Даврон бобо оилада ҳам ўзини бахтли ҳисоблайди. Отахон ўн фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Барчасини ўқитиб, касбга йўналтирди, уларни уйли-жойли қилди.
— Ўтаётган умримдан розиман, — дейди отахон. — Ҳаётдан нолиб юрганларни кўрсам, ранжийман. Одам боласи нияти, амали билан ўз тақдирига сабабчи бўлади. Шундай экан, ҳар бир ишнинг охирини ўйлаб иш тутадиган самимий инсонлар ҳеч қачон ёмонлик кўрмайдилар.
Отахоннинг ҳаётдаги шиори — ҳалол меҳнат, самимийлик, яхшилик. Зеро, инсонда шундай хислатлар жам экан, унинг даражаси юксалиб бораверади. Даврон бобога ўхшаган пиру бадавлатлар эса ёнимизда биз учун кўмакдош, дуогўй бўлиб, ўзларининг тафаккур қуёши билан йўлларимизни ёритиб бораверадилар.
Ғайбулла Аминов,
Қашқадарё вилояти.