Инсон умрининг қадри унинг неча йил яшагани билан эмас, балки шу умрни қандай ўтказгани, эзгу ишлари ва одамларга келтирган фойдаси билан баҳоланади. Ана шундай мазмунли умр эгаларидан бири — ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар самарали хизмат қилган, истеъфодаги полковник Ҳаётилла Салиҳов бу йил табаррук 91 ёшни қарши оладилар.

Ҳаётилла Абдуллаевич 1935 йил 15 ноябрда Тошкент шаҳрининг “Чақичмон” маҳалласида Абдулла Салиҳов хонадонида дунёга келган. Болалиги уруш йилларига тўғри келгани боис, даврнинг оғир синовларини ёшлигидан ҳис қилиб улғайди. Бу муҳит уни меҳнатга, сабр-тоқатга ва масъулиятга ўргатди.

Мактабни тамомлагач, отасининг маслаҳати билан Тошкент темир йўл техникумига ўқишга кирди. Бўш вақтларида паровоз ҳайдовчисига ёрдамчи бўлиб ишлаб, касб сирларини амалиётда ўзлаштирди. 1956 йилда Тошкент темир йўллар институтини, 1959 йилда эса Тошкент ўрта махсус милиция мактабини тамомлади. 1974 йилда Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат қилаётган пайтда собиқ Иттифоқ ИИВ Академиясида таҳсил олиб, касбий билим-малакасини янада мустаҳкамлади.

1977 йилда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Ҳаётилла Салиҳов шу йилдан 1985 йилга қадар Ўрта Осиё Транспорт милицияси бошқармаси бошлиғи бўлиб хизмат қилди.

Ўша даврда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон Республикалари ҳамда Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидаги транспорт милицияси идоралари мазкур бошқарма таркибида эди. Москва томонидан бошқариладиган, катта ҳудудни қамраб олган бу тизимга раҳбарлик қилиш осон эмасди, албатта. Ҳаётилла Абдуллаевич  ўзининг ташкилотчилик қобилияти, қатъияти ва тинимсиз меҳнати билан бошқарманинг нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшди. Ўз навбатида, унинг фидойи хизматлари муносиб баҳоланди. Ҳаётилла Абдуллаевич хизмат йилларида 11 та орден ва медаль билан тақдирланган.

Бугунги кунда устоз Ҳаётилла Салиҳовнинг оиласи мамлакатимизнинг энг намунали оилаларидан бири ҳисобланади. Куёви божхона тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан истеъфодаги полковник Анвар Карабаев, қизи истеъфодаги майор Феруза Салиҳова, шунингдек, қизлари мусиқа фани ўқитувчиси, пенсионер Наргиза Маликова ҳамда логопед-ўқитувчи Ирода Ҳаётовалар унинг қувончи ва фахридир.

Оиладаги  меҳр-оқибат устознинг касбий ҳаётида ҳам ўз аксини топган. Уни йиллар давомида ҳурмат қилиб келаётган шогирдлари бугун ҳам устозни мунтазам йўқлаб, ҳолидан хабар оладилар. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фахрийси Ш.Рўзиев, Транспорт ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник А.Жалилов каби  шогирдлари устоз ҳузурига келиб, ўтган хизмат йилларини эслайдилар, сафдошлар хотирасини ёдга оладилар. Суҳбат сўнгида эса устознинг дуосини оладилар.

Шогирдларнинг йиллар ўтиб ҳам устозни излаб келишлари — Ҳаётилла Абдуллаевичнинг хизмат фаолияти давомида қолдирган ўзига хос ибрати бўлса, иккинчидан, инсон сифатида у киши қозонган ҳурмат-эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Ҳаётилла Абдуллаевичнинг 91 йиллик умрига назар ташлар эканмиз, уруш йилларидаги оғир болалик, темир йўл соҳасидаги фидойи хизмат, билим олиш йўлидаги қадамлар, ички ишлар тизимидаги масъулиятли хизмат ва  раҳбарлик йиллари бир-бири билан туташиб, яхлит бир тақдирни намоён этади. Бу тақдир замирида фарзандлар меҳри, авлодлар давомийлиги ва устозини йиллар ўтиб ҳам унутмаган шогирдлар оқибати мужассам.

Шу маънода, айтиш керакки, Ҳаётилла Абдуллаевичдек садоқатли Ватан фарзандлари бор экан, мамлакатимизда қадриятлар бардавом бўлажак, албатта.

Баҳодир Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan