Сув — тирикликнинг муҳим шартларидан бири. Организмда сувнинг ҳатто 1-2 фоизи йўқолиши ҳам кишининг умумий ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Масалан, енгил сувсизланишда чанқаш, оғиз қуриши, бош оғриғи, ҳолсизлик, диққат ва хотиранинг пасайиши кузатилади. Ўртача сувсизланиш эса бош айланиши, юрак уришининг тезлашиши, қуруқ тери, мушакларда тортишиш, қабзият, жисмоний иш қобилиятининг пасайиши белгилари билан сезила бошлайди.
Сувсизланишнинг оғир даражасида эса қон босимининг тушиши, ҳушдан кетиш, буйрак фаолиятининг бузилиши, тана ҳароратининг ошиши, ҳатто шок ҳолати, ҳаёт учун хавфли асоратлар кузатилиши мумкин.
Шунингдек, тери қуруқлашади, хиралашади ва ёрқинлигини йўқотади. Майда ажинлар яққолроқ кўринади. Терининг тикланиши секинлашади.
Тананинг сувсизланиши болалар, кексалар, спортчилар, иссиқ ҳавода ишлайдиган ходимлар учун кўпроқ хавфли. Шунинг учун кун давомида етарли суюқлик ичиш шарт. Бу, айниқса, иссиқ ҳавода ва жисмоний фаоллик пайтида муҳим. Сувсизланиш аломатлари кучли бўлса, шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Азизбек Тошқўзиев,
олий тоифали шифокор, кардиолог, терапевт.