Коста-Рикалик Хосе Флорес 119 ёшида дунёдаги энг кекса эркакка айланиши мумкин. Унинг оиласи ва расмий ҳужжатларига кўра, Флорес 119 ёшда. Бироқ унинг туғилган санаси халқаро миқёсда ҳали тасдиқланмаган. Ҳозир мутахассислар тарихий ҳужжатларни ўрганмоқда.
Флорес Коста-Риканинг Тинч океани соҳилидан тахминан 20 дақиқалик масофадаги Сардинал шаҳрида оддий ёғоч уйда яшайди. У кунларини дам олиш, набираси тайёрлаган таомларни ейиш ва у билан қўл кучини синаш билан ўтказади.
Сардинал Никоя ярим оролида жойлашган бўлиб, бу ҳудуд инсонлар узоқ ва соғлом ҳаёт кечириши билан машҳур бўлган дунёдаги бешта “Яшил ҳудуд”дан бири ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли узоқ умр кўришни кальций ва магнийга бой сув, маккажўхори ва ловияга асосланган овқатланиш, жисмоний меҳнат ҳамда мустаҳкам оилавий алоқалар билан боғлайди.
Хосенинг набираси ва уни парвариш қилаётган Ҳеллен Флореснинг айтишича, бутун умрини қишлоқда меҳнат қилиб ўтказган бобоси ҳозир “тинч ва бахтли” ҳаёт кечирмоқда. Флореснинг шахсини тасдиқловчи гувоҳномасига кўра, у 1907 йил 11 июль куни туғилган. Мутахассислар унинг туғилганлик ва чўқинтириш гувоҳномалари, шунингдек, кейинги ҳаётига оид бошқа ҳужжатларни ўрганмоқда. Улар Guinness World Records каби халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.
Агар Флореснинг ёши расман тасдиқланса, бу унинг оиласи ва Коста-Рика учун катта фахр бўлиши мумкин. У 8 нафар фарзанд, 23 нафар набира, 25 нафар чевара ва бир нафар эварага эга.
Манба: zamin.uz.