Юртимизда фаол нуронийлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танлови маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялаш, нуронийларнинг ёшлар ўртасида миллий, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги 4-сонли мусиқа мактабида туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари, Маҳалла уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимлари, Маданият бўлими ҳамкорлигида ўтказилган кўрик-танловда айни ҳақиқат яққол намоён бўлди, дейиш мумкин.
Танловнинг туман босқичида “Маданият”, “Машраб”, “Ойдинобод”, “Чинобод” маҳаллаларининг нуронийлари ва ёшлари иштирок этдилар. Беллашув учта йўналиш бўйича ташкил қилинди.
Тадбирда иштирок этган нуронийлар ўз фаолиятига оид тақдимотлар ташкил қилиб, амалга оширган ишлари хусусида маълумотлар бериб ўтдилар. Шунингдек, ўз ижодкорлик қобилиятларини намоён этдилар.
Муросасиз, аммо самимий ва қизиқарли тарзда кечган танловда “Машраб” маҳалласи фаол нуронийси Эгамберди Атаханов фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят миқёсидаги танловда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. “Ойдинобод” маҳалласи фаол нуронийси Дилбар Раҳматова иккинчи ўринни, “Чинобод” маҳалласи фаол нуронийси Гулзода Назарова учинчи ўринни эгалладилар. Ғолиб ва совриндорлар тадбир ташкилотчилари томонидан махсус диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Нигора ЎРОЛОВА.