Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи Президентимиз фармонига биноан мукофотланган эди.
Улар қаторида 100 ёшдан ошган 14 нафар кекса нуронийларимизнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлиги барчамизни бахтиёр этди.
Жумладан, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 102 ёшли Ҳаким бобо Ражабовнинг мукофотланганликларини эшитган каттаю кичик бирдек мамнун бўлди.
Узоқ йиллар давомида туман санитария ва эпидемиология станцияси бўлими, Оқдарё ва Қорадарё суви сатҳини назорат қилиш идораси ҳамда “Хатирчи пилла” ишлаб чиқариш корхонасида оддий ишчи сифатида меҳнат қилган отахонимизга давлат мукофотини Навоий вилояти ҳокими, сенатор Нормат Турсунов тантанали топширди.
Ҳаким бобога маҳалладошлари, жамоатчилик вакиллари ўз дил изҳорларини билдириб, ҳамиша соғ-омон, юртимиз аҳлини дуо қилишда бардавом бўлишларини тиладилар.
Ўз навбатида, табаррук отахон ҳам қўлларини дуога очарканлар, юртимиздаги тинчлик-фаровонликни абадий бўлишини Яратгандан сўради.
— Ҳаким бободек отахонлар юртимиз, халқимиз хазинаси. Уларнинг улкан ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган шонли йўллари барчамиз учун ўрнак. Бу каби нуронийларимизнинг ҳар бири ҳикматга айланган сўзларидан, босиб ўтган йўлларидан биз фақат ва фақат ибрат, ўзимиз учун муносиб мўлжал оламиз, — дейди “Нуроний” жамғармаси Навоий вилояти бўлими раиси Шабон Набиев.
Дарҳақиқат, юртимизда юз ёш билан дийдорлашган, юзларидан нур томган, дуогўй пиру бадавлатларимиз бор экан, кунларимиз янада чароғон, ишларимиз серунум бўлаверади, албатта.
Худойберди Наврўз,
“Нуроний” мухбири.