Ҳаётий тажрибага эга, турмуш синовларида тобланган, кўпни кўрган ёши улуғ инсонлар, кекса ва нуронийларнинг пурмаъно ўгитлари, панд-насиҳатлари халқ ҳаётида, айниқса, ёш авлод камолоти, таълим-тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2023 йил 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли Қарорларига асосан, юртимиздаги маҳаллаларда “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси асосида фаол нуроний отахону онахонлар турли тоифадаги ёшларга бириктирилган.
Юртимизда айни кунларда мазкур танловнинг туман ва шаҳар, вилоят босқичлари қизғин паллага кирган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида ушбу кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловни “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбай Абдижаббаров кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами билан табриклади.
Беллашув “Таништирув”, “Ёшлар — бизнинг келажагимиз”, “Нуронийлар беллашуви” шартлари асосида ташкил этилди.
Самимий, таассуротларга бой ҳолда ўтган танлов натижаларига кўра, “Тошкент” маҳалласи фаоли Замира Худайқулова фахрли
1-ўринни ҳамда танловнинг Қоракалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Беруний туманида бўлиб ўтган кўрик-танловда “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими мутахасисси Ғ.Холмуратов, жамғарманинг туман бўлими раиси Ф.Аннасафаровлар иштирок этдилар.
Беллашув жараёнларида иштирокчилар ўзларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, субсидия маблағларини жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан олиб борган ишлари хусусида ахборотлар бериб, фаолиятларига оид фотоальбом ҳамда видеолавҳаларни намойиш этдилар.
Якуний натижаларга кўра, “Бирлик” МФЙ вакили Гулнора Бекимова фахрли 1-ўринни, “Хоразм” маҳалласи фаол нуронийси Худайберган Ибадуллаев 2-ўринни, “Навоий” ОФЙ вакили Ўғилжон Нурумбетова 3-ўринни эгалладилар.
Шавкат СУЛТОНОВ.