Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган байрамона тадбирда ғамхўрлик намунаси яққол намоён бўлди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган 400 нафардан зиёд нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари жам бўлган ушбу анжуман чинкам меҳнат ва эътибор байрамига айланди.
Маросимда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ҳамда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган давлат ғамхўрлиги, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва ёшлар тарбиясидаги беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар.
Шундан сўнг кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонган 55 нафар жиззахлик фахрийларга I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда пул мукофотлари топширилди. Мукофотланганлар орасида вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида ўчмас из қолдирган фидойилар кўп.
Зеро, бу эътироф ёшларга илм-фан ва маърифат улашган, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшган вакилларга, Мирзачўлу Зомин бағрида, фидокорона меҳнати билан ризқ-рўзимизни яратган, соҳа ривожига умрини бағишлаган меҳнаткашларга, саломатлигини муҳофаза қилишда туну кун хизмат кўрсатган шифокорлар ҳамда давлат ва маҳалла тизимида самарали фаолият юритган мутахассисларга, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилган посбонларга, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ибрат бўлаётган табаррук оналаримизга топширилгани билан янада аҳамиятли.
Йиллар давомида шаклланган бу каби эъзоз ва эътибор фахрийларимиз қалбига чексиз қувонч бағишлади. Тантанали тадбир давомида ёзилган дастурхон ва янграган куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Бекназар ЭШАЛИЕВ.