Кексалик даврида кечадиган табиий ўзгаришлар қаторида тишларнинг заифлашиши, мўртлашиши ва тушиб қолиши ҳам кўп учрайди. БУ ЭСА нафақат овқатни яхши чайнаш, балки аниқ гапириш, юз қиёфаси ва инсоннинг ўз ташқи кўринишига бўлган ишончига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Бугунги стоматология соҳасидаги замонавий имкониятлар туфайли тишларини йўқотган кексалар учун бу муаммонинг самарали ечимлари мавжуд. Тиш протезлари ёрдамида чайнаш функциясини тиклаш, нутқни яхшилаш ва юзнинг табиий шаклини сақлаш имкони бор. Шу боис, протезлар кўплаб ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим воситага айланган.
Кексаларда оғиз бўшлиғининг ҳолати, сақланиб қолган тишлар сони, милклар ҳолати ва бошқа омилларга қараб турли хил протезлар қўлланилади. Асосан тўлиқ ёки қисман олинадиган протезлар, шунингдек, қўзғалмас протезлардан фойдаланилади. Қайси турдаги протез бемор учун қулай ва мақбул эканини стоматолог текширувдан сўнг белгилайди.
Протезни ўзбошимчалик билан танлаш ёки бошқа инсонга мосланган протездан фойдаланиш тавсия этилмайди. Нотўғри мосланган протез милкларни шикастлаши, оғриқ, ноқулайлик ва яллиғланишга сабаб бўлиши мумкин.
Тиш протезларининг асосий вазифаси йўқотилган тишларнинг функциясини имкон қадар тиклашдан иборат. Улар овқатни яхшироқ чайнаш, овқатланиш жараёнини енгиллаштириш, нутқ ва талаффузни яхшилаш, юз ва лабларнинг табиий шаклини сақлаш, инсоннинг ташқи кўриниши ва ўз-ўзига ишончини оширишга ёрдам беради. Шунинг учун протезни шунчаки сунъий тишлар мажмуаси сифатида эмас, балки инсоннинг кундалик ҳаёти ва саломатлигига хизмат қилувчи муҳим ортопедик восита сифатида баҳолаш лозим.
Протездан фойдаланишнинг ўзи етарли эмас. Унинг узоқ вақт хизмат қилиши ва оғиз бўшлиғида ноқулайлик келтириб чиқармаслиги учун мунтазам парвариш талаб этилади. Олинадиган протезларни ҳар куни эрталаб ва кечқурун махсус юмшоқ чўтка ёки протезлар учун мўлжалланган воситалар ёрдамида тозалаш мақсадга мувофиқ. Овқат қолдиқлари протез остида ёки юзасида қолиб кетса, бактериялар кўпайиши, нохуш ҳид пайдо бўлиши ва милкларда яллиғланиш юзага келиши мумкин. Овқатдан кейин протезни сув билан чайиш ҳам фойдали. Бу унда қолиб кетган овқат заррачаларини бартараф этишга ёрдам беради. Протезни тозалашда жуда қаттиқ чўтка, қайноқ сув ёки протез материалини шикастлаши мумкин бўлган воситалардан фойдаланмаслик керак. Айниқса, протезни қайноқ сувга солиш унинг шаклини ўзгартириши кузатилади.
Кўпинча протездан фойдаланувчилар уни тозалашга эътибор бериб, оғиз бўшлиғининг ўзини парвариш қилишни унутиб қўядилар. Аслида, тил, милклар, танглай ва сақланиб қолган табиий тишларни ҳам мунтазам тозалаш зарур. Милкларни юмшоқ чўтка билан эҳтиёткорлик билан тозалаш қон айланишини яхшилаш ва оғиз бўшлиғидаги микроблар миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Сақланиб қолган табиий тишлар эса алоҳида парваришга муҳтож.
Оғизда доимий оғриқ, қонаш, қизариш, шиш, яра, нохуш ҳид ёки протез таққанда кучли ноқулайлик пайдо бўлса, стоматологга мурожаат қилиш керак.
Олинадиган протезларни кечаси ечиб қўйиш айрим беморлар учун оғиз бўшлиғи тўқималарининг дам олишига ёрдам бериши мумкин. Бироқ бу масала протезнинг тури ва беморнинг оғиз бўшлиғи ҳолатига қараб ҳал қилинади. Шунинг учун протезни кечаси ечиш ёки тақиб ухлаш масаласида стоматолог тавсиясига амал қилиш энг тўғри йўлдир.
Ечилган протезни тоза ҳолда, шифокор тавсия қилган усулда сақлаш лозим. Протезни тасодифан тушириб юбормаслик ёки йўқотиб қўймаслик учун уни белгиланган жойда сақлаш ҳам муҳим.
Вақт ўтиши билан протез бўшашиши, милкни ишқалаши ёки чайнашда ноқулайлик пайдо қилиши мумкин. Бундай ҳолатда протезни уй шароитида эгиш, кесиш, йўниб ўзгартириш ёки турли ёпиштирувчи моддалар билан таъмирлашга уриниш мумкин эмас.
Протезда носозлик пайдо бўлса, стоматолог-ортопедга мурожаат қилиш зарур. Мутахассис протезнинг ҳолатини баҳолаб, уни мослаштиради ёки зарур бўлса, янгисини тайёрлашни тавсия этади. Протез оғизда узоқ вақт хизмат қилиши учун уни вақти-вақти билан мутахассисга кўрсатиб туриш лозим. Умуман, стоматолог кўригидан мунтазам ўтиш кексалик даврида оғиз бўшлиғи саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Зилола Амонова,
“EMU University”
4-боскич талабаси.