Британиянинг The Legatum институти таҳлил маркази ҳар йили “Фаровонлик индекси”ни эълон қилади. 2026 йил натижаларига кўра, Швейцария мазкур рўйхатни бошлаб берган. Умуман олганда, Швейцария сўнгги йилларда дастлабки юқори поғоналардан жой олади. Марказ жами 161 та давлатни 300 га яқин статистик кўрсаткич асосида таҳлил қилади. Хусусан, давлат муассасалари сифати, иқтисодий эркинлик, (жумладан, тадбиркорлар учун шароитлар), аҳоли осудалиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби инсоният тараққиётига хизмат қилувчи факторлар баҳолашда бош мезонлардан бўлган.

Дастлабки ўнталикда Европа мамлакатлари (Норвегия, Ирландия, Дания, Финландия, Исландия, Швеция, Германия, Нидерландия), шунингдек, Австралия қайд этилган. Рейтингнинг қуйи қисмидан, асосан, Африка давлатлари ўрин олган.

Ўзбекистоннинг фаровонлик даражаси 161 та давлат орасида 94-ўринни эгаллайди.

Шу ўринда таъкидлаш керак, мамлакатимизда сўнгги йилларда рўй берган иқтисодий-сиёсий воқеликлар хорижий тадбиркор ва инвесторлар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигини оширишда, иқтисодий эркинликнинг барқарорлашишига эришишда муҳим қадам бўлмоқда.

 

Завқланиб яшанг — дейди британиялик 106 ёшли Эдит Хилл

Британиялик 106 ёшли кекса нуроний Эдит Хиллнинг ҳаёт ҳикояси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Кекса онахоннинг фикрига кўра, узоқ умр кўриш фалсафаси у қадар мураккаб эмас: мустақил яшаш, шоколад истеъмол қилиш, яхши кайфиятда юриш ва соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг ўзи кифоя. Бу омиллар Эдит Хиллнинг бир асрдан ошиқ яшашига сабаб бўлган факторлардан ҳисобланади.

Маълумот учун, Хилл умри давомида дунёдаги йирик воқеалар, хусусан, иккала жаҳон урушига ҳам гувоҳ бўлган. У ҳалиям ишонадики, умрнинг ҳар бир лаҳзасидан қувонч топа олиш ва шукроналик билан завқланиб яшаш узоқ ва мазмунли умр кечириш учун муҳим аспект ҳисобланади.

 

Ҳақиқий бахт нимада?

Сизни ранжитишдими? Эътиборсизлик билан қалбингизга озор беишдими? Қаттиқ хафа бўлдингизми?

Шунинг учун қалбингиз ғижимлаб оғрияптими? “Нега ундай қилди, ахир, мен шунга муносиб эдимми”, деб эзилиб ўйлаяпсизми?..

Кун бўйи бундай оғир ҳисларни кўтариб юриш азоб эмасми? Ахир, оғриқли ўйлар кучингизни олади, танангиздан мадор, руҳингиздан қувват кетади-ку…

Сизни, албатта, бегона хафа қилмайди.  Атрофингиздаги яқинларингиз, оилангиздагилар ёки қўни-қўшнингиз, жигарларингиздан кимдир бепарволик билан ранжитган бўлса, уларни кечиринг.

Катталар кечиримли бўладилар… Кичиклар эса кейинроқ хулоса чиқарадилар. Озор юкини қалбингизга юкламанг, сизни ранжитган одамнинг яхши фазилатларини ўйланг… Ҳаётни борича қабул қилинг, яқинларингиз хатосини кечиринг.

Ўзингизни яхши ишлар, яхши ўйлар билан чалғитинг. Ўйламанг, оғир ўйларни  улоқтиринг, тин оласиз. Куч-қувватга тўласиз. Қалбингз хотиржам бўлади.

Ўзингиз билан суҳбат қуринг, яхши ниятларга андармон бўлинг — янгиланасиз.

Ҳар тонгни яхши ниятлар билан қарши олинг. Ахир, ҳар бир кун неъмат, ҳар бир кун ғанимат…

Бахт эса атрофимиздагиларни кечира олишимиздадир.

Гулчеҳра Латиф.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan